Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари ва Ёшлар парламенти ҳамкорлигида «Янгиланаётган Конституция — ёшлар нигоҳида» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов маъруза қилиб, Конституциявий қонун лойиҳаси хусусида, унда ёшларга оид ўз аксини топаётган янгиликлар ҳақида маълумот берди:
— Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан бугунга қадар 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди, — деди Ж.Ширинов. — Уларнинг 60 фоиздан ортиғи бевосита ёшлар томонидан берилгани қувонарли ҳол. Янгиланаётган Конституциямизда ёшларга оид қатор нормалар, ҳатто битта алоҳида боб «Оила, болалар ва ёшлар» масаласига бағишланди. Ёшлар ҳуқуқлари акс этаётган алоҳида моддага кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
Конституциявий қонун лойиҳаси билан илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифалари қаторидан жой олмоқда. Давлат эндиликда нафақат умумий ўрта таълим, балки бошланғич профессионал таълим олишни ҳам бепул бўлишини кафолатлайди. Бундан ташқари, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбиянинг таъминланиши муҳим янгиликлардан бири бўлаётир.
Яъни, жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади. Бу эса шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топишига хизмат қилади. Қолаверса, юртимизда инсон қадри юксак эканлигини ўзида намоён этади, — деди маърузачи.
Давра суҳбатида Конституциявий комиссия аъзолари сўз олиб, янгиланаётган Конституциямизда олий таълим соҳасида ҳам қатор янгиликлар ўз аксини топаётганини таъкидлади. Қайд этилганидек, фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли эканлиги аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Сўнгги йилларда олий таълимга ажратилган давлат грантлари сони 75 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони икки бараварга оширилди. Шунингдек, нодавлат олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти ажратиш амалиёти йўлга қўйилди.
Юқоридаги конституциявий норма бу борадаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш, олий таълим муассасаларида грант ўринлари йўқолмаслигини таъминлашга хизмат қилади.
Давра суҳбатида сўз олган ёшлар янгиланаётган Конституциянинг ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор нормалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, Бош қомусимизни «Ёшлар Конституцияси» дея эътироф этишга ҳам барча асослар борлигини алоҳида қайд этдилар.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА