Шимоли-ғарбий ҳарбий округ Нукус гарнизони Сафарбарлик чақируви резерви батальонида Қорақалпоғистон Республикасида ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясига бевосита масъул бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари масъуллигида “Жасорат мактаби” ўн кунлик ўқув йиғинининг биринчи мавсуми ниҳоясига етди.
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида ўқув йиғинининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Ф.Шерматов сўзга чиқиб, мазкур ўқув йиғинининг аҳамиятига тўхталди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида, шунингдек, Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасида қатор вазифалар белгиланиб, бу бўйича Жиззах тажрибасини бутун республикага татбиқ этиш борасида тегишли кўрсатмалар берилган эди.
Дастлаб иштирокчиларнинг ота-оналари диққатига ўн кунлик йиғин машғулотларидан сўзловчи видеоролик намойиш этилди. “Жасорат мактаби” ўқув йиғини машғулотларида фаоллик кўрсатган иштирокчиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари, ҳунар эгаллаш истагини билдирган ёшларга қурилиш соҳаси малакали мутахассисларини тайёрлаш ҳамда “Ишга марҳамат” моно марказларига йўлланмалар берилди.
– Ўқув йиғини давомида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши тасарруфидаги ўқув спорт техника клублари томонидан моделизм спорт (ракетамодел, автомодел, кемамодел, авиамодел) турларининг кўргазмаси намойиш этилиб, ёзги биатлон, ўқ отиш спорт тури бўйича пневматик милтиқ, пневматик тўпончаларнинг умумий тузилиши тартиби амалий кўрсатиб берилди, – дейди ўқитувчи Санжар Атаджанов. – Амалий ўқув жараёнида бошқариладиган ўқув машқ автомобиллари ҳамда картинг, авто спорт техникалари, асосан Қўнғирот ўқув спорт техника клуби томонидан спорт мотоциклларининг намойиши, уларнинг амалий бошқарилиши ёшларга тушунтирилди. Спортнинг техник ва амалий турлари бўйича тарғибот кўргазмаси якунида 4 та гуруҳ ёшлари билан пневматик милтиқдан ўқ отиш спорт мусобақаси ўтказилди. Совринли ўринни эгаллаган ёшлар «Ватанпарвар» ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир сўнгида Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси, эстрада хонандаларининг концерт дастури ҳамда фахрий қоровулнинг саф элементларидан иборат кўргазмали чиқишлари ҳавола этилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА