Бугун ҳаётимизни тезкор алоқа воситалари, гаджет ва смартфонларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу каби қурилмалар каттани ҳам, кичикни ҳам ўзига тобе қилиб олаётгани ачинарли ҳолат бўлса, фарзандларимизнинг унга муккасидан кетиб, қарам бўлиб қолаётгани эса чинакам фожеадир.

“Фарзандим хархаша қилмасин, йиғламасин, муҳими тинчимни бузмасин” деган фикрда замонавий қурилмаларни уларнинг қўлига қўшқўллаб топшириб қўяётган аслида бефарқ ота-оналарнинг ўзи эмасми?

Гаджетлар ёрдамида боланинг миясини чархламоқчи бўлган ота-оналар мутлақо хато қиладилар. Бола экрандан маълумот олишни, мобил ўйинлар орқали бирон вазифани бажаришга ўрганиб қолса, унинг жамиятга мослашиши жуда қийин кечади. Экранда уддалай олган вазифани ҳаётда баъзида бажаролмай қолиши мумкин. Чунки у экран билан мулоқот қилишга ўрганиб қолган бўлади.

Шифокорларнинг айтишича, мобил телефонларидан тарқалаётган нурланиш қон ҳужайраларига ниҳоятда зарар. Aйниқса бундай ҳолат ёш болаларнинг нафақат кўз касалликлари ривожланиб кетишига, балки унга психологик нуқтаи назардан ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Бола асабийлашиб, қийинчиликни бошидан кечираётган пайти унга онанинг эътибори керак, телефон экрани эмас. Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз, ёш болангизга телефон бериб қўйманг. Ўз қўлингиз билан унинг келажагини барбод қилманг!

Ўткир АЛИМОВ, Дониёр ЁҚУБОВ (видео),  ЎзА