3 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ялпи мажлиснинг иккинчи иш куни сенаторлар дастлаб “Энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларга қарамасдан бугунги кунда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қонунбузарликлар салмоғи ортиб бормоқда.
Хусусан, Бош прокуратура томонидан 2022 йил ва жорий йилнинг ўтган даври юзасидан электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатлари бўйича 433 та жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 368,1 миллиард сўм миқдорда моддий зарар етказилган.
Шунингдек, сув таъминоти тармоқларига 1 624 та ноқонуний уланишлар аниқланиб, қоидабузарликларга йўл қўйган шахслардан 7 миллиард 144 миллион сўмлик қўшимча тўловлар ундирилган.
Амалдаги Жиноят кодексида белгиланган энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик чораларининг етарли эмаслиги бундай жиноят содир этиб, давлатга катта миқдорда зарар етказган шахсларга нисбатан бугунги кунда тегишли чоралар кўриш имкониятини бермаяпти.
Шу сабабли энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик, бу борадаги ваколатли органларнинг кўрсатмаларини бажармаганлик ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини кучайтириш зарурати вужудга келганлиги алоҳида қайд этилди.
Мазкур қонун юқоридаги муаммоларни бартараф этиш билан бирга энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Хусусан, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд уларни ҳисобга олиш асбоблари ва пломбаларига қасддан шикаст етказиш, шунингдек, ушбу қилмишларни коммунал хизмати ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари билан тил бириктириб, содир этилган жиноят ҳолатлари эндиликда ўғрилик жинояти деб баҳоланиши назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Жиноят кодексига “тижорат мақсади” тушунчаси киритилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг муайян фаолиятида фойда, даромад олиш, наф кўришга қаратилган мақсад эканлиги белгиланмоқда.
Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари прокуратура органлари томонидан амалга оширилиши қонун билан мустаҳкамланмоқда.
Соҳада давлат назоратини тўлиқ таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзэнергоинспекция томонидан берилган ёзма кўрсатма ва тақдимномаларни бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни кўриб чиқиш ваколати судларга берилиши муҳокама марказида бўлди.
Шунингдек, сенаторлар электр энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик ҳолатларини тезкорлик билан бартараф этиш масалаларига оид ваколатлар судлардан Ўзэнергоинспекция ва унинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилаётганлигига алоҳида эътибор қаратишди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шу билан бирга ялпи мажлисда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директорининг Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахбороти эшитилди.
Муҳокама жараёнида сенаторлар давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг саъй-ҳаракатлари туфайли 2022 йилда Ўзбекистон халқаро рейтинг ва индексларда, жумладан, қонун устуворлиги, ҳукумат фаолияти самарадорлиги, сўз ва ахборот эркинлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш йўналишларида ўз ўрнини яхшилаш борасида салмоқли ютуқларга эришганини алоҳида таъкидлади.
Янги қабул қилинган Меҳнат кодексида меҳнат муносабатларини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқ ҳуқуқий тартибга солиш асослари такомиллаштирилди.
БМТ тузилмаларининг тавсияларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда мамлакатимиз аҳолиси турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар изчиллиги, такомиллаштириш йўналишлари белгилаб олинди.
2022 йилда пахтадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва савдоси билан шуғулланувчи компанияларни бирлаштирувчи “Cotton Campaign” коалицияси Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилганини эътироф этди ҳамда ўзбек пахтасига қўйилган тақиқни бекор қилди.
Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқлаштириш чора-тадбирлари доирасида Халқаро меҳнат ташкилотининг “Қурилишда хавфсизлик ва меҳнат гигиенаси тўғрисида”ги 167-сонли конвенцияси ратификация қилинди.
Шу билан бирга, сенаторлар ўз ўрганишлари асосида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни самарали қўллаш билан боғлиқ қатор муаммоларни белгилаб берди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган 8 та қонун лойиҳаси ўз муддатида ишлаб чиқилмаётгани сенаторларни ташвишга солди.
БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ижросини мониторинг қилиш натижасида сенаторлар томонидан ижтимоий инфратузилма объектлари ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун етарли даражада мослаштирилмаганлиги аниқланди.
Ҳар томонлама муҳокама чоғида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилиниб, унда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бориш белгилаб олинди.
Олий Мажлис Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 12 та масала, шу жумладан, 9 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлиси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати