Жорий йилнинг 28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, унга кўра бу йилги давлат дастури тасдиқланди.

Давлат дастурида аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллик даражасини ошириш мақсадида “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракатини йўлга қўйиш вазифаси белгиланган.

Мазкур умуммиллий ҳаракат доирасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида бир қатор вазифаларни амалга ошириш назарда тутилган. Жумладан, аҳолига смартфон ва мобил иловалар ёрдамида ўз соғлиғи ва овқатланишини назорат қилишни ўргатиш, тўғри овқатланиш бўйича мобил илова яратиш, болаларга мўлжалланган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда энергетиклар, дори воситалари, биологик фаол моддалар рекламасига талаб ва чекловларни кучайтириш вазифалари белгиланган.

Дарҳақиқат, оммавий ахборот воситалари, айниқса, телеканалларда болалар озиқ-овқат маҳсулотлари, энергетиклар, турли дори воситалари ва  биологик фаол моддаларнинг мунтазам реклама қилиниши аҳоли вакиллари орасида бундай воситаларни мутахассис маслаҳатисиз, ўзича олиб истеъмол қилиш ҳолатларини кўпайтирмоқда. Бу каби воситалар рекламасига талаб ва чекловларнинг кучайтирилиши эса турли воситаларни пала-партиш истеъмол қилиб, саломатликка зарар етказилишининг олдини олади.

Қайд этиш жоизки, бу борадаги саъй-ҳаракатлар аҳоли қатламлари орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилади. Юртдошларимизда ўз  саломатлигига, тўғри овқатланиш тартибига жиддий эътибор қаратиш масъулиятини ривожлантиради.

Муҳтарама Комилова, ЎзА