Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Саробга алданганлар қисмати” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
“Замон-Пресс-инфо нашриёт уйи” томонидан чоп этилган китоб тақдимотида маънавиятчилар, диний ва ҳуқуқ-тартибот идоралари мутахассислари, пойтахтимиздаги олий таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари, фаол ёшлар, журналистлар иштирок этди.
Бугунги тезкор ривожланаётган даврда турли иллатлар авж олиб, ҳар хил оқимлар инсоният келажагига таҳдид солмоқда. Ачинарлиси, улар маънавияти бўш ёшлар, ҳатто ёши катталар, хотин-қизларни ҳам ўз домига тортмоқда. Турли ёлғонлар, сохта кўринишларга алданиб, ўз Ватани, ота-онаси, фарзандларига хиёнат қилиб, хоинлар қутқусига учаётганлар, моддий манфаатни ҳамма нарсадан устун қўйиш орқали йўлини йўқотаётганлар талайгина.
Ушбу жамланма бир неча йиллардан буён ўз зарарли таъсири орқали оилаларни барбод қилиб, минглаб болаларнинг етим қолишига, одамларнинг маъсият ва гуноҳга ботишига сабаб бўлаётган терроризм ва унинг аянчли оқибатларига бағишланади.
Китобда ўз қилган хатоси учун жиноий жавобгарликка тортилган, жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган ёхуд ўтаб қайтган юртдошларимизнинг чин дилдан билдирган иқрорлари, надоматлари жамланган. Шу билан бирга, тўғри йўлдан адашган фуқароларнинг оила аъзолари, яқинлари, маҳалладошлари томонидан йўлланган мактублари бадиий тарзда китоб ҳолига келтирилган.
Ушбу мактублар аввало “Даракчи”, “Сўғдиёна”, “Даракчи плюс” газеталарида, Darakchi.uz сайтида эълон қилинган. Сўнг аҳоли таклифлари асосида, ушбу воқеаларни кенг омма, хусусан, ёш авлодга етказиш мақсадида китоб ҳолида жамланган.
Мазкур китоб Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши доирасида чоп этилган.
Бўлган воқеалардан иборат жамланма ёшлар маънавиятини юксалтириш, кенг дунёқарашга эга, ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш, аҳолини ҳушёрликка чақиришга хизмат қилади.
Тадбир давомида мазкур китобнинг мазмун-моҳияти, унинг ёш авлод онги ва тарбиясига таъсири хусусида сўз юритилди.
Барно Мелиқулова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА