Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай ва Қонликўл туманлари умумтаълим мактабларида ташкил этилган “Ватан таянчи” отрядининг 32 нафар аъзосига кўкрак нишони топширилди.

Унда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси, туман ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2022 йил 2 мартдаги “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида барча шаҳар ва туманлардаги умумтаълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари орасидан ватанпарвар, энг интизомли ва билимли, ташаббускор бўлган ёшлар ҳаракат аъзолигига қабул қилинмоқда. Ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати Мудофаа вазирлиги ҳузурида ташкил этилган бўлиб юрт равнақи йўлида хизмат қиладиган ватанпарвар ёшларни тарбиялашдек муҳим вазифани амалга оширади. Шунингдек, ҳаракат аъзолигига қабул қилинган фаол ўқувчилар олий ҳарбий таълим муассасасига кириш учун имтиёзли  тавсиянома ҳамда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча баллни қўлга киритади.

Тантанали маросимда фахрий қоровулнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Шундан сўнг, тумандаги 6 та мактаб ўртасида ҳарбий спорт мусобақалари ташкил этилиб, ғолиб ва совриндорлар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА