Франциянинг Montagne et Neige Développement компанияси “Белдерсой – Чимён – Нанай” халқаро умуммавсумий курортини қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича ўтказилган танловда ғолиб бўлди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати берган хабарга кўра, “Чимён туристик зонасини қуриш” лойиҳаси доирасида “Чимён” умуммавсумий оромгоҳи объектларини лойиҳалаш, тадқиқ қилиш, қуриш, жиҳозларни етказиб бериш ва ўрнатиш, созлашишга тушириш ишларини олиб бориш юзасидан 1-6-сонли лотлар бўйича очиқ танлов якунига етказилди.
Танлов натижаларига кўра Франциянинг Montagne et Neige Développement (МND) компанияси ғолиб деб топилди. Маълумот ўрнида айтиш керак, МND тоғли ҳудудларда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича етакчи саноат гуруҳларидан биридир. Бош қароргоҳи Франция жанубидаги Савоя департаментининг Сен-Ҳелене-дю-Лак шаҳрида жойлашган. Гуруҳ 2004 йилдан буён дунёнинг 49 давлатида фаолият юритиб келмоқда.
МND тоғли жойларда туризм соҳасида умуммавсумий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда осма йўлларидан шаҳарларда, саноат объектларида ва маиший мақсадларда фойдаланиш бўйича кенг кўламли хизматлар кўрсатишда жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, компания Kurchevel, Chamonix-Mon-Blanc, Rosa Xutor, Bosco Gurin, Moleson, Narvik ва бошқалар каби бутун дунё бўйлаб 1500 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган.
Чимёндаги лойиҳани амалга ошириш натижасида мамлакатимиз аҳолисига ҳам, хорижлик меҳмонларга ҳам очиқ ҳавода ҳордиқ чиқаришнинг ҳар хил турларини таклиф этадиган халқаро даражадаги умуммавсумий мажмуаси ташкил этилади.
Лойиҳа доирасида дам олувчиларни 2515 метр баландликка кўтариладиган гондол типидаги 10 кишилик асосий осма йўли ва 3309 метр баландликка чиқадиган маятник типидаги 80 кишилик оралиқ осма йўли қурилади. Курорт бундай иншоотларга эга бўлган Марказий Осиё мамлакатларидаги энг баланд нуқтага айланади.
Шунингдек, унда XXL Zip line, Alpine coaster, Adventure tower, Tubing, Via ferrata каби 20 дан ортиқ турдаги қишки ва ёзги аттракционлар ташкил этилади. Умумий узунлиги 20 км дан ортиқ бўлган турли даражадаги 11 та чанғи учиш жойлари, 6000 нафар туристга мўлжалланган меҳмонхона мажмуалари ва коттежлар қурилади.
Ушбу йирик ташаббусдан кўзланган мақсад халқаро миқёсдаги умуммавсумий курорт, сайёҳлик жойлари ва турли кўнгилочар аттракционлар ҳамда осма йўлларга эга янги туристик мажмуаларни қуриш орқали ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини юксалтиришдир.
Шунингдек, Тошкент вилоятининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатимизнинг тоғли ҳудудларида оммавий спортни рағбатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва янги иш ўринлари ташкил қилишдан иборат.
Меҳмонхона мажмуалари ва коттежларни қуришни ташкил қилиш ер участкаларини турли лотларга бўлиш (тасдиқланган дизайн-коди билан) ва яқин келажакда қизиққан инвесторларга сотиш учун “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида жойлаштириш орқали амалга ошириш кўзда тутилган.
Гўзал Сатторова,
ЎзА