Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида пара енгил атлетика бўйича 40 га яқин давлат вакиллари иштирокида ўтказилган анъанавий “Fazza” Гран-при турнирида мамлакатимиз пара спортчилари 9 та олтин, 7 та кумуш ва 10 та бронза медалига сазовор бўлди.

Муросасиз баҳсларда ўз йўналишларида Ёрқинбек Одилов, Нурхон Қурбонова, Асила Мирзаёрова ғолибликка эришган бўлса, Муҳаммад Рихсимов, Ёқутхон Холбекова, Дониёржон Аҳмедов, Дониёр Салиев совриндорлар қаторидан жой олди.

Халқаро турнир давомида F41 классида ядро улоқтириш баҳсларида ҳамюртимиз Кубаро Ҳакимова Осиё рекордини янгилашга муваффақ бўлди. Шунингдек, узунликка сакраш дастурларида матонатли атлетларимиз Асила Мирзаёрова, Ёқутхон Холбекова ҳамда Иззат Турғунов жаҳон рейтингидаги энг яхши натижаларини қайд этди.

“Fazza” Гран-при турнирида 26 та медаллар жамланмасини қўлга киритган терма жамоамиз аъзолари умумжамоа ҳисобида Хитой ва Украинадан кейин 3-ўринни эгаллади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА