Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамкорлигида “Ўзбекистон – Миср: парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг таклифига биноан жорий йил 20-21 февраль кунлари ушбу мамлакатга расмий ташрифи якунлари ҳамда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
— Араб мамлакатлари, хусусан, Миср Араб Республикаси билан кўп томонлама ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, — деди Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов. — Ўзбекистон ва Миср муносабатлари, анъанавий дўстлик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқалар кўлами кенгайиб бормоқда. Миср араб давлатлари орасида биринчилардан бўлиб, яъни 1991 йилнинг 26 декабрида мамлакатимиз мустақиллигини тан олган юрт сифатида тарихга кирган.
Миср Араб Республикасига бўлиб ўтган ташриф якунида давлат раҳбарларининг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Қўшма баёноти ҳамда қатор икки томонлама ҳужжатлар имзолангани ўзаро алоқаларни янада юқори поғонага олиб чиқади. Хусусан, Мисрга ташриф доирасида умумий қиймати 1,6 миллиард АҚШ долларига тенг 20дан зиёд келишув имзоланди. Бу эса икки мамлакат ишбилармонлари ҳамкорлиги янада ривожланишига ҳисса қўшади, — деди институт директори.
Давра суҳбатида сўз олган депутатлар, сиёсатшунос олимлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий асослари, Ўзбекистон – Миср парламентлараро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш борасидаги вазифалар, маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар, уларни амалга оширишнинг амалий механизмларини белгилаш масалаларига тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, Мисрнинг Ал-Азҳар университети ва бошқа илмий муассасалари билан Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида фаол ҳамкорлик ўрнатилгани халқларимиз ўртасидаги тарихан яқин алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Давра суҳбатида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган “Миср Араб Республикаси парламенти” тўпламининг тақдимоти ўтказилди.
Ушбу тўпламдан Миср парламенти, унинг бошқарув аппарати, қўмиталари ҳақидаги маълумотлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Миср Араб Республикаси парламенти билан ҳамкорлиги бўйича парламентлараро гуруҳи ва бошқа таркибий бўлинмалари фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига доир ўрганишлар натижалари ўрин олган.
Давра суҳбатида муҳокама этилган масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова, ЎзА