Бухорода “Ёшлар ва қонун” ҳуқуқий танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини оширишда олиб борилаётган барча ислоҳотлар баркамол, мустақил фикрлайдиган, жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллашга интилган, мамлакатни ислоҳ қилишда намуна кўрсата оладиган ёшларни тарбиялашга йўналтирилган.
Танловнинг асосий мақсади қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, мамлакатда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги шаффофликда ёшларнинг ўрни ва соҳада ташаббуслар майдонини яратиш, шунингдек, таълим муассасалари ҳамда маҳалла ёшларининг ҳуқуқий билимларини ривожлантиришдан иборат.
Бухоро вилояти мезбонлик қилган “Ёшлар ва қонун” танловининг Республика босқичида барча вилоятлардан сараланган 14-18 ҳамда 18-30 ёш тоифасидан иборат жамоалар фаол қатнашди.
Мусобақани юқори савияда ўтказиш учун бир қатор Республика давлат ташкилотлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ички ишлар, Адлия, Олий таълим, фан ва инновациялар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг соҳадаги масъуллари жамоаларни 3 кун мобайнида “Ҳуқуқий муаммога тезкор ечим”, “Ҳуқуқий пеналти”, “Менинг қонунчилик ташаббусим”, “Конституция билимдони”, “Суд мажлислари модели” каби турли хил долзарб шартлар асосида ҳуқуқий билимларини синовдан ўтказди.
Якуний натижаларга кўра, 14-18 ёш тоифасидаги баҳсларда 1-ўринни Сурхондарё вилояти “Хўжомқон” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Ёш ҳуқуқшунос” жамоаси, 2-ўринни Сирдарё вилояти “Оқибат” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Соҳибқирон издошлари” жамоаси, 3-ўринни Самарқанд вилояти “Тохиршайх” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Келажак юлдузлари” жамоаси эгаллади. 18-30 ёш тоифасидаги беллашувларда 1-ўрин Наманган вилояти “Чортоқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Диёнат” жамоаси, 2-ўрин Бухоро вилояти “Поноб” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Фемида” жамоаси, 3-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Ёш юристлар” жамоасига насиб этди.
Танлов ғолиблари ҳамкор ва масъул ташкилотлар томонидан барча иштирокчилар ҳамда юқори натижа кўрсатган жамоалар I, II, III даражали диплом, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА