Аввал хабар берилганидек, бугун АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Тошкент шаҳрида бир қатор учрашув, музокаралар ўтказди, тадбирларда иштирок этди. Жумладан, “Hyatt Regency” меҳмонхонасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган брифингда қатнашди.
– Ўзбекистонга биринчи келишим, – дея ўз сўзини бошлади мартабали меҳмон. – Бу ташрифни амалга оширишда амалий ёрдам берган давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевга ва Ташқи ишлар вазирлигига миннатдорлик изҳор этаман.
Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат Ўзбекистон мустақилликка эришгандан бошланиб, сўнгги йилларда жадал ривожланмоқда. Бугун бўлиб ўтган барча учрашувлар мавжуд алоқани янада мустаҳкамлашга замин яратади. Ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналишларидан бири ёшларга эътибор масаласи. Ўтган йил давомида айни йўналиш учун АҚШ 25 миллион доллар сармоя киритди. Ўзбекистонлик 15 минг нафар инглиз тили фани ўқитувчиси малакасини ошириш, 10 минг мактабни инглиз тили дарслиги билан таъминлашда ёрдам кўрсатилди.
Мен ўзбекистонлик ёш ўқувчилар инглиз тилини ўрганаётган дарсда иштирок этдим. Бу шунчаки инглиз тилини ўзлаштириш эмас, балки ёш авлоднинг етук кадрлар бўлиб етишиши, рақобатбардош иш ўринлари яратиш, минтақа бўйлаб кадрлар алмашинувини амалга оширишга қаратилган муҳим иш.
Биз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз. Шу ўринда, Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқи соҳасида эришган ютуқларини алоҳида эътироф этмоқчиман. 11 йил давомида 300 дан ортиқ халқаро компания болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат туфайли ўзбек пахтасидан фойдаланишдан бош тортиб келаётган эди. Ўзбекистон ҳукумати маҳаллий ва халқаро меҳнат уюшмалари, инсон ҳуқуқи соҳасига оид ташкилотлар билан ҳамкорликда нафақат янги меҳнат кодексини қабул қилди, балки ҳужжатнинг амалда тадбиқ қилинишини таъминлаш орқали турли қонунбузарликлар олдини олди. Бу тарихий ютуқ ва бошқа мамлакатларга намуна.
Қолаверса, олиб борилган ишлар самараси ўлароқ, мамлакатда ижтимоий ривожланиш кузатилди. Ойлик маош, нафақа ошди, аҳолининг турмуш даражаси юксалди. Бундан ташқари мамлакатда дин эркинлиги, инсон ҳуқуқи соҳасида ҳам яхши натижаларга эришилганига гувоҳмиз.
Кеча Остона шаҳрида бўлиб ўтган С+5 платформаси доирасида ташқи ишлар вазири билан бирга иштирок этдик. АҚШ Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ривожи учун 25 миллион доллар ажратишга қарор қилди.
Делегациямиз Самарқандда савдо ва инвестиция бўйича идоравий гуруҳ йиғилишида ҳам иштирок этади.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон томонидан Афғонистон Республикасига электр энергияси етказиб берилиши, афғон аёллари ва қизларига ёрдам кўрсатилиши, шунингдек, Сурия ва Ироқдан 400 нафардан зиёд инсон Ватанига қайтарилгани жуда катта натижа.
Гўзал Сатторова, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА