20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида мамлакатимизда бошлаган 16 та жамоа иштирокидаги дастлабки ўйинлар шиддати, завқи ва кўрсатилган натижалари билан Осиё футболидаги ривожланиш динамикасини кўрсатди, дейиш мумкин.
Пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадионида ташкил этилган тантанали очилиш маросими чинакам байрам кайфиятини армуғон этди. Махсус чироқлар ёрдамида турли манзараларнинг намойиш этилиши, озод ва обод ватанимиз байроғи теграсида чемпионатда қатнашаётган давлатларнинг рамзлари шарлар ёрдамида стадион узра олиб ўтилиши, Тошкент осмонида мамлакатимиз тимсоли, U-20 Осиё кубоги рамзи ва бошқа ажиб футбол кўринишларининг акс этгани чинакам мўъжиза бўлди.
Шундан сўнг, “А” гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон-Сурия жамоалари майдонда саф тортишди. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши, ноғоралар садоси остида бошланган ўйин ҳар жиҳатдан юртимизнинг истеъдодли футболчилари устунлигида кечди.
Учрашувнинг 37 дақиқасида терма жамоамиз аъзоси Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистон футболчиларини олдинга олиб чиққан бўлса, 2-бўлимнинг 66 дақиқасида суриялик футболчиларнинг Маҳмуджон Маҳамаджоновга қўполлиги оқибатида юзага келган жарима зарбасини Аббосбек Файзуллаев чиройли тарзда амалга ошириб, ҳисобдаги фарқни 2:0га етказди. 32757 нафар томошабин гувоҳлигидаги ўйин сўнгига қадар натижа шу ҳолатда ўзгаришсиз қолди.
Энди терма жамоамиз аъзолари ўз гуруҳидаги навбатдаги учрашувни 4 март куни Ироқ терма жамоасига қарши ўтказади.
Шунингдек, дастлабки кунги баҳсларда U-20 Осиё кубогининг 1-туридан ўрин олган “А” гуруҳидаги Индонезия-Ироқ ўйинида 0:2 ҳисобида ироқликлар “В” гуруҳидаги Қатар-Эрон учрашувида 0:1 кўринишида эронликлар, Австралия – Вьетнам ўйинида (0:1) вьетнамликлар ғалаба қозонишди.
Тўлқин Рўзиев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА.