Президент фармони билан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади.
Бу аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллик даражасини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, аҳолига смартфон ва мобил иловалар ёрдамида ўз соғлиғи ва овқатланишини назорат қилишни ўргатиш, тўғри овқатланиш бўйича мобил илова яратиш кўзда тутилмоқда. Болаларга мўлжалланган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари, энергетиклар, дори воситалари, биологик фаол моддалар рекламасига талаб ва чекловлар кучайтирилади.
Давлат дастурида таълим муассасаларида болалар ва ёшлар учун тавсия этилмайдиган маҳсулотлар, шу жумладан, таркибида шакар, туз, трансёғлар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, таъм ва ранг берувчи қўшимчалар рўйхатини тасдиқлаш ва уларнинг истеъмолини камайтириш ҳам белгиланган.
Маҳаллий маҳсулотлар турларидан келиб чиқиб, аҳолининг ҳар бир хавф гуруҳи ва касаллик турлари учун алоҳида-алоҳида соғлом овқатланишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилади. Ёши, тана тузилиши, турмуш тарзи ва касалликларга мойиллигидан келиб чиқиб, болалар, катталар ва кексалар учун қисқа тўғри овқатланиш бўйича тавсиялар, соғломлаштириш машқлари ва гигиена қоидалари тўпламини яратиш кўзда тутилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати дастурда иш жойларида ходимларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланиши ва соғлом овқатланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳам кўзда тутилган.
ЎзА