«2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Президент фармонига кўра, жорий йилда 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилади.
18-40 ёшли 12,6 миллион нафар аҳоли профилактик кўрикдан, 40 ёш ва ундан катта ёшдаги сурункали касаллиги бўлмаган 6,3 миллион нафар аҳоли юрак қон-томир касалликлари ва қандли диабет, 3 миллион нафар аҳоли онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувларидан ўтказилади.
Шунингдек, спинал мушак атрофияси билан касалланган 112 нафар болани дори воситалари билан таъминлаш, 250 нафардан ортиқ заиф эшитувчи болада кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш, шунингдек, бундай операциялар ўтказилган 132 нафар болада нутқ процессорларини алмаштириш чораларини кўриш белгиланди.
Дастурга мувофиқ, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни бериш босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни қоғоз шаклда талаб қилиш тақиқланади.
2023 йил 1 июлдан бошлаб эса Тошкент шаҳрида босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилади.
2023 йил якунига қадар ногиронлиги бўлган шахсларни амбулатор ва стационар шароитда бепул тиббий-ижтимоий реабилитация билан қамраб олиш кўлами 30 минг нафарга етказилади.
ЎзА