Президент Шавкат Мирзиёев “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Давлат дастурига кўра, 2023 йилда “Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивларда янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажмлари 90 мингга етказилади.
Аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали мулк ҳуқуқи асосида Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида “Менинг биринчи уйим” дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.
32 минг нафар фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, шунингдек, 11 минг нафар фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш учун Давлат бюджетидан етарли маблағлар йўналтирилади.
Халқаро ва маҳаллий фонд биржаларида “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖнинг ипотека облигацияларини чиқариш ва жойлаштириш учун компаниянинг устав фонди 100 миллион АҚШ доллари эквивалентига етказилиши белгиланди. Бунда, ипотека облигацияларини жойлаштириш ҳисобига жалб қилинган маблағлар ипотека кредитлари учун ресурс сифатида банкларга жойлаштирилиши кўрсатиб ўтилди.
ЎзА