Янги қонун
Республика иқтисодиёти ривожида маҳсулот, жараён, хизмат кўрсатиш масалаларида истеъмолчилар ва давлат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маҳсулот сифати, рақобатбардошлигини ошириш, савдода техник тўсиқларни бартараф этиш устувор вазифа ҳисобланади.
Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, бу вазифаларни амалга оширишда аккредитация тизимини халқаро талабларга мослаштириш механизмидан фойдаланиш юқори самара беради.
Миллий мувофиқликни баҳолаш тизими халқаро доирада тан олинишини таъминлаш учун минтақавий Осиё-Тинч океани аккредитация ҳамкорлигига (APAC), Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорлик (ILAC) ва Халқаро аккредитация форуми (IAF) ташкилотларига тенг ҳуқуқли аъзо бўлиш юзасидан охирги уч йилда бир қатор ишлар қилинди.
Аккредитация органи фаолияти халқаро ILAC ва IAF ташкилотлари талаблари асосида ташкил этилди, фаолиятни тартибга солувчи ҳужжатлар қабул қилинди, 73 та аккредитацияга оид ички ҳужжатлар тўплами ишлаб чиқилди. Натижада 2022 йил сентябрь ойида Миллий аккредитация тизими халқаро доирада баҳолашдан ўтказилиб, Aккредитация натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги кўп томонлама битимларга (ILAC MRA, IAF MLA) қўшилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича асосий музокараларни якунлаб, ички қонунчиликни мослаштириш, янги стандартларни жорий этиш белгиланган эди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 27 февралда Ўзбекистон Республикасининг “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида”ги қонуни Президент томонидан имзоланди.
Қонун Жаҳон савдо ташкилотининг савдодаги техник тўсиқлар келишуви (ТБТ ВТО 5,6,9-моддалар), Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи тўғрисидаги шартномаси (54-модда) талабларидан келиб чиқиб, Сербия, АҚШ, Канада, Жанубий Корея, Европа Иттифоқи ва МДҲ давлатлари тажрибалари асосида ишлаб чиқилган.
Мазкур қонунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси аккредитация соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди.
Қонун мувофиқликни баҳолаш фаолиятини амалга оширишнинг мажбурий ёки ихтиёрий хусусиятидан қатъи назар, мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилишнинг асосий йўналишлари, талабларини белгилайди.
Бу борадаги ишлар тизимли йўлга қўйилиши натижасида фаолият юритаётган ва аккредитациядан ўтган мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан амалга оширилган ишлар натижалари – мувофиқлик сертификатлари, синов ва калибрлаш баённомалари хорижий давлатларда тан олинишига эришилади. Миллий сифат инфратузилмасининг такомиллашиши, Ўзбекистондаги аккредитация идорасининг Халқаро аккредитация ташкилотларида тўлақонли иштирок этишига хизмат қилади. Миллий ишлаб чиқарувчиларга қулайликлар яратилиши, жаҳон бозорида ўз ўрнини топиши, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остидаги маҳсулотлар янги-янги экспорт бозорларига савдодаги техник тўсиқларсиз чиқишига имкон яратади.
Бу эса республика экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозорида ўз ўрнини топишига имконият яратади.
Қонун халқаро даражада аккредитация жараёнларига ва аккредитация органига қўйиладиган талабларни белгиловчи ISO/IEC 17011 халқаро стандарти талабларига мувофиқ тайёрланган ва, бу, ўз навбатида, Миллий аккредитация тизими халқаро талабларга мувофиқлаштирилиши, Аккредитация органи эса Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ҳамкорлиги (ILAC) ва Халқаро аккредитация форуми (IAF) фаолиятида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этишига хизмат қилади.
Маълумот учун, Миллий аккредитация тизими иштирокчилари – махсус ваколатли давлат органи, аккредитация бўйича кенгаш, аккредитация органи, аккредитация қилинган субъектлар, аккредитация бўйича баҳоловчилар ва техник экспертлар, аккредитация бўйича техник қўмиталардан иборат.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.
Б.МЕЛИҚУЛОВА,
ЎзА