Юртимизда бугунги кунда жамоат транспорти хизматидан кунига 10 миллиондан ортиқ йўловчи фойдаланади. Жамоат транспорти аҳолининг узоғини яқин қилиб, харажати ва вақтини тежайдиган муҳим восита. Афсуски, бугунги кунда жамоат транспорт хизмати замонавий ривожланиш талабларига мос келмаяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 31 январь куни Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида жамоат транспортининг янги тизимини жорий этиш бўйича йиғилиш ўтказди.

Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида йўловчи ташиш сифатини яхшилаш мақсадида 2023 йилда яна 2 мингта автобус олиб келиниши айтилган эди. Президентимиз йиғилишда қанча кўп автобус олиб келинмасин, жойлардаги транспорт бошқармалари ва автобус паркларида ҳозирги иш тизими ўзгармаса, аҳоли эҳтиёжига яраша хизмат кўрсатиб бўлмайди, дея алоҳида таъкидлади. Соҳадаги иш тизимини ўзгартириб, хизмат сифатини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар берди.

Хўш, соҳада қандай янги  хизмат турлари йўлга қўйилади?  

Транспорт вазирлиги департамент бошлиғи Руслан Рўзметовнинг бу ҳақдаги мулоҳазаларини ўргандик.

— Шу кунгача ҳайдовчилар кундалик “план” асосида ишлаб келишган. Айтинг-чи, кундалик “план”га боғланган тизимнинг қайси тарафлари ўзини оқламади?  

— Кундалик иш режими автобус ҳайдовчилари ёки корхоналарнинг кундалик “план” суммасига боғланган эди. Яъни улар куннинг фойдали вақтларида фаолият кўрсатиб, фойдасиз, йўловчи оқими нисбатан камроқ бўлган пайтларда хизмат кўрсатмаслигини белгилайди. Шу сабаб улар ўз ҳаракатларини фойдали қатновларда амалга оширарди. Бу эса оралиқ интервалнинг ошиб кетишига, йўловчиларнинг автобусларни кўп вақт кутиб қолишига сабаб бўлди. Натижада йўловчиларнинг жамоат транспортига ишончи пасаяди ва оралиқ қатновлар вақти ошиб кетганидан сўнг йўловчиларни жамоат транспортидан фойдаланиш улуши камаяди.

— Янги жорий қилинаётган тизим ҳақида ҳам тушунча бериб ўтсангиз?  

— Ҳозир янги тизимда аниқ бир механизм жорий қилиняпти. Унга кўра, кунлик тушум режасини белгилаш амалиёти бекор қилинади. Ташувчиларга маблағлар автобуснинг юрган масофаси ва одамлар хизмат сифатидан қониқишига қараб берилади. Хизмат сифатига автобусдаги қулайликлар ва санитар ҳолат, кеч қолмасдан бекатга етиб келишига қараб баҳо берадиган тизим бўлади.

Мисол учун,  битта йўналишни ўртача 12 километр деб олайлик. Ҳозир вилоят марказлари ва Тошкент шаҳрида 12 километрли йўналишда 10 та автобус фаолият юритади, деб оладиган бўлсак, кунига 12 та қатнов қилинса, 120 та қатновни 12га кўпайтириб, кунлик ташувчининг аниқ харажати белгиланади. Бу биринчи асосий кўрсаткич. Иккинчи кўрсаткич бу – сифат.

Яъни,  ўз вақтида фаолият кўрсатиши, автобусни тоза сақлаш ва ҳайдовчи муомаласига қараб сифат кўрсаткичлари белгиланади. Бунда агар  100 баллик шкалада олиб қарайдиган бўлсак, 80 фоизи босиб ўтган йўлга, 20 фоизи сифат кўрсаткичларидан келиб чиқиб белгиланади.

—Тадбиркорлар олиб келган янги автобуслар бўйича қўшимча қиймат солиғини бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериладиган тизим жорий қилинди. Автобуслар сотиб олиш учун 10 йилгача муддатга имтиёзли кредитлар бериладиган бўлди. Бу имкониятларнинг автобус паркларини кенгайтиришда ўрни қандай бўлади?  

— Йўналишларни тўғри белгилаганимиз билан автобусларни ўзи бўлмаса бу тизим ишламайди. Шунинг учун тадбиркор хусусий сектор томонидан ушбу тизимда фаолият кўрсатишни қўллаб-қувватлаш, соҳа жозибадорлигини ошириш ва жамоат транспортида фаолият кўрсатишни кафолатланган бизнес даражасига кўтариш мақсадида бу тизим белгиланди.

Ҳар битта хусусий сектор, хусусий корхона ёки ташувчи автобус паркини ўзи янгилаб бориш механизми жорий қилинди. Эндиликда ташувчи ўзи автобус билан тендерда қатнашиб, йўналишда фаолият кўрсатади. Автобус паркини хусусий секторлар томонидан янгилаш учун импорт қилинадиган автобусларда қўшимча қиймат солиғини бўлиб-бўлиб тўлаш ва 10 йилгача бўлган кредитларни бериш тизими йўлга қўйилди.

— Нима учун 10 йил муддат белгиланди?  

— Чунки техник жиҳатдан қарайдиган бўлсак, ҳар битта автобуснинг ўртача эксплуатацион фойдаланиш муддати 10 йил этиб белгиланган. Унга қисқа муддатли кредитлар бу соҳада автобуслар паркини белгилаш имкониятини бермайди. Чунки автобуслар ишлагандан кейин ўзини оқлаб натижасини беради. 10 йилгача бериладиган кредитлар хусусий тадбиркорлар томонидан автобуслар паркини янгилашда жуда катта аҳамиятга эга бўлиб, яқин йилларда автобуслар сони кескин ошишига олиб келади.

 

ЎзА мухбири  

Нигора Раҳмонова  

суҳбатлашди