Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлисда иккинчи ўқишда кўриб чиқилаётган «Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Қонун лойиҳаси бўйича депутат Дилором Имомова маъруза қилиб, уни иккинчи ўқишга тайёрлаш давомидаги ўзгариш ва қўшимчалар хусусида маълумот берди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш, тупроқларнинг ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини сақлаш, масъул вазирлик ва идораларнинг ваколатлари, ерларни рекултивация қилиш, тупроқ ҳолати ва сифатига таъсир қилувчи лойиҳалар, воситалар ва технологияларни давлат экспертизасидан ўтказиш масалалари ўз аксини топмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасидаги халқаро шартномага оид нормани ҳар томонлама муҳокама қилишмоқда. Халқ вакиллари таъкидлаганидек, ер – бебаҳо неъмат. Унинг унумдорлигини сақлаш муҳим масала. Аммо тупроқ унумдорлиги бузилса, 50 йилда қайта тикланади. Хорижий инвесторлар келиб, ердан 2-3 йил давомида максимал даражада фойдаланиши оқибатида 30-40 йил давомида ҳам тупроқ унумдорлиги қайта тикланмаслиги мумкин. Боиси юқори фойда олиш мақсадида пестицидлар, турли кимёвий моддалардан фойдаланилиши эвазига тупроқ унумдорлиги ёмонлашиб кетади.
Шу боис айрим депутатлар халқаро шартномага оид нормани мустаҳкамлаш тарафдори.
М.Комилова,
ЎзА