Ижтимоий тармоқларда Қозоғистон Украинага ҳарбий техникалар жўнатаётгани ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатдан йироқ, деди душанба куни Қозоғистон мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда темир йўл орқали зирҳли техникалар ва юк машиналар олиб кетилаётгани тасвирланган видео пайдо бўлган эди. Хабарни тарқатган муаллифларнинг таъкидлашича, видео Олма-отада ёзиб олинган ва ғарб жамғармалари томонидан пули тўланган ушбу техникалар Украинага жўнатилаётган бўлган.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалган гўё Қозоғистондан ҳарбий техникалар Украинага жўнатилаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатдан йироқ. Видео архив материал бўлиб, зирҳли техникалар режали таъмирлашга жўнатилаётгани тасвирланган, ҳозирги пайтда ҳарбий техникалар омборда сақланмоқда”, – дейилади хабарда.
Вазирликнинг эслатишича, 2022 йил 27 августдан буён Қозоғистонда қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар экспортига тақиқ қўйилган, деб ёзмоқда ТАСС агентлиги.