2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда ногиронлиги бўлган шахслардан тиббий хулоса талаб қилиш бекор қилинади.
Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27 февралдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Бунда фуқароларни тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш ва ногиронликни белгилаш билан бир вақтда тегишли протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини олиш учун тиббий хулоса тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизимига киритилади.
Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини олиш учун талаб этиладиган тиббий хулосанинг мавжудлиги ўзаро ахборот алмашинуви орқали аниқланади.
“Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизимига киритилган тиббий хулоса асосида мазкур ахборот тизимига интеграция қилинган “Ижтимоий хизмат” электрон платформасида ногиронлиги белгиланган шахснинг мурожаати (шу жумладан, электрон тартибда) асосида протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини олиш учун электрон сертификат шакллантирилади.
ЎзА