Ҳар бир давлат ўз фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилади. Айниқса, имконияти чекланган, ногиронлиги бор фуқаролар ҳамиша эътиборда бўлган, қўллаб-қувватланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам инсон ҳуқуқлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолатларини мустаҳкамлашда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Қарор билан эндиликда ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларни замонавий протез-ортопедия мосламалари билан таъминлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш муассасалари ускуналарини модернизация қилиш белгиланди. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар, уларга ғамхўрлик қилувчи фуқароларга давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёзлар бериладиган бўлди.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ва уларга юридик ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилади.
Маълумот учун, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аҳолининг муҳтож қисмини замонавий протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини 60 фоизга етказиш белгиланган.
Мазкур кўрсаткичга эришиш доирасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2023 йилда муҳтож шахсларни хорижий технологиялар асосида тайёрланган сифатли замонавий оёқ протез-ортопедия буюмлари, шу жумладан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни сон протези, болдир протези ва оёқ камари ортопед аппаратлари билан бепул таъминлайди.
ЎзА