Тошкент шаҳар Планетарийсида поляк олими Николай Коперникнинг 550 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди. Ушбу тадбирда Польшанинг Ўзбекистондаги элчихонаси, «Светлитса Полска» номли маданият маркази вакиллари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Қатнашчилар ўзбек ва поляк халқининг астрономия илми ривожига ҳисса қўшган олимлари, хусусан, Мирзо Улуғбек ва Николай Коперникнинг буюк илмий ихтиролари хусусида ўз фикрларини билдиришди.
«Николай Коперник ўрта асрларда яшаган буюк поляк мутафаккири ва астрономи, – дейди Польшанинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Радослав Грук. — Олимнинг «Самовий сфераларнинг айланиши» номли асарида оламнинг гелиоцентрик тизими асослаб берилган. Унинг таъкидлашича, ер оламнинг ўзгармас маркази эмас,негаки, у ўз ўқи атрофида айланиб туради. Ер атрофида эса фақат унинг йўлдоши Ой айланади, деб хулоса қилади мутафаккир. Мутафаккирнинг башорати календарь ислоҳоти ўтказилди ва Коперник таълимотига асосланган янги йил ҳисоби жорий этилди».
Тадбир давомида астроном олим Коперникнинг ҳаёти ва ижоди саҳналаштирилди. Намунавий залда эса юлдузли осмон, шунингдек, қуёш системаси сайёралари намойиш қилинди. Махсус проектор ва танлаб олинган слайдлар ёрдамида коинот тубига шўнғиш, метеоритлар, Шимол ёғдуси, турли катталикдаги кометаларни кўриш мумкин.
«Улуғбек юлдузлари» экспонати меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Унда буюк аллома Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолияти, астрономияга оид кашфиётлари, илм-фанга қўшган улкан ҳиссаси, шогирдлари даврасида ўтказган бахтли онлари тасвирланган.
Тадбирда мамлакатимизда буюк аждодларимиз ёдини тиклаш, улар яратган асарларни чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, поляк диаспораси вакиллари иштирокида ўтказилган маросим осмон илмини ўрганган қомусий олим Николай Коперникнинг дунё илм-фани ривожидаги ўрнини кенг жамоатчиликка, жумладан, ёшларга тушунтиришда айни муддао бўлди.
ЎзА