Дунё аҳолиси ортиб боргани сари иқтисодий ва ижтимоий муаммолар глобаллашиб бораверади. Бу асосан саломатлик ва аҳолини моддий таъминлаш масаласида акс этади.
Хўш, ер юзида аҳолининг ортиб бориши озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжнинг таъминланишига салбий таъсир этмайдими?
Мисол учун, бугунги кунда Ҳиндистон Хитойни ортда қолдириб, дунёнинг энг кўп аҳолиси бўлган давлатга айланди
Хитой аҳолиси 1 миллиарддан ошганда Ҳиндистон аҳолиси бор йўғи 400-500 миллион атрофида эди. Ўтган асрнинг 2-ярмида Хитой фуқароларига биттадан ортиқ фарзанд кўришни тақиқлаб қўйгани учун аҳоли ўсиш динамикаси секинлаган бўлса, Ҳиндистонда, аксинча, жадаллик билан ўсаверди ва янги аср бошида Хитойга қарийб етиб олди.
2022 йилда Ҳиндистон аҳолиси 1,417 миллиард кишини ташкил этди. Бу Хитой аҳолисидан 5 миллионга кўп. Хитой аҳолиси 2022 йилда ўтган йилга нисбатан 850 минг кишига камайган ва 1411,75 миллион кишини ташкил қилган.
Ҳиндистон Хитойни ортда қолдириб, дунёдаги энг гавжум давлатга айланди. Бу Бош вазир Нарендра Модини янги иш ўринлари яратиш ва мамлакат иқтисодий ўсишини таъминлашга чақиради.
Таҳлилчилар фикрича, агар ўтган асрнинг 2-ярмида Хитойда биттадан ошиқ фарзанд кўриш чекланмаганида, Хитой аҳолиси бугун 2 миллиарддан ошиқ бўлар эди.
Хитойда битта фарзандга рухсат берилиши натижасида мамлакатда бир неча юз миллионли ишга яроқсиз кексалар армияси шаклланди ва ишга яроқли ёш авлод камайиб кетаверди. Бир кун бориб ишчи кучи етишмаслиги хавфи билан тўқнаш келиши мумкинлигини инобатга олган Хитой ҳукумати 2016 йил 1 январдан хитойликларга иккита фарзанд кўришга рухсат берди.
Маълумот ўрнида қўшимча қиладиган бўлсак, 1991 йили СССР парчаланиб кетгунча АҚШ аҳолиси сони бўйича дунёда Хитой, Ҳиндистон ва СССРдан кейин 4-ўринда эди. СССР парчаланиб кетгач, ўз-ўзидан АҚШ 3-ўринга кўтарилди.
Мамлакат аҳолиси анча йиллардан бери бир маромда кўпайиб келмоқда. Кўпайишнинг бир қисми туғилиш ҳисобидан бўлса, яна бир қисми АҚШга кўчиб келаётган муҳожирлар ҳисобидан бўляпти.
Россия аҳолиси эса таҳлилларга кўра, 1991 йилдан бери камайиб келмоқда. Россия яқин йилларда аҳолиси энг кўп давлатлар ўнталигидан чиқиб кетади, деган қарашлар ҳам йўқ эмас.
Аҳвол шу тарзда кетаверса, 2050 йилга бориб Россия аҳолиси минимум 120 миллионга, максимум 100 миллионгача камаяди, деган тахминлар бор.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш «глобал озиқ-овқат танқислиги» таҳдиди ҳақида кўп бор огоҳлантириб келади ва бу ҳолат йиллаб давом этиши мумкинлигини айтади. Аммо ажабмас, дунё олимлари келажак учун озиқ-овқат танқислигининг олдини олиш чораларини ўйлаб топса…
ЎзА