Қўқон шаҳрида Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг ўтган йил якунлари ҳамда жорий йилги устувор вазифалар ижросига бағишланган республика кўргазмали семинари бўлиб ўтди. Унда ижодий уюшманинг республика бошқаруви, Кенгаш аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ҳамда вилоятлар бўлимлари раҳбарлари иштирок этди.

Семинар аввалида ижодий уюшма томонидан тайёрланган намунали кўргазмали тарғибот воситалари намойиш этилиб, соҳадаги ютуқлар ва амалий тажрибалар хусусида ўзаро фикр алмашилди. Соҳа масъуллари, зиёлилар иштирокидаги самимий мулоқотда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда тасвирий тарғибот воситаларининг ўрни муҳимлиги қайд этилди.

“Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Исфандиёр Латипов ўтган йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар хусусида сўз юритди. Ўз навбатида тасвирий-тарғибот воситаларини тайёрлашда ҳудудларда йўл қўйилаётган камчиликлар, миллий менталитетимизга хос бўлмаган воситалардан фойдаланиш ҳолатлари танқид қилинди. Айни жараёнда маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда фаолият кўлами ҳамда сифатини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш мақсадида бир қатор устувор вазифалар белгиланди.

Маълумки, ижодий уюшма бўлимлари маҳаллий ҳокимликлар буюртмаси асосида шаҳар, туман марказлари, аҳоли яшаш манзилларида она ватанга муҳаббат ва маънавий қадриятларга эҳтиром руҳида тарбияловчи шиорлар ҳамда матнлардан фойдаланиб, марказий кўчалар, бозорлар, хиёбонлар, бекатлар, автотранспорт воситалари, одамлар гавжум жойларга, оммавий тадбирлар ўтказиладиган манзилларга баннерлар, плакат ва бошқа тасвирий-тарғибот воситаларини жойлаштиради. Шунингдек, Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик йўлида олиб борилаётган ишларни, мамлакатимизда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясига доир Давлат дастурлари асосида янгиланиш ҳамда ислоҳотлар жараёнини намоён қилувчи ижобий ўзгаришларнинг асл ижодкорлари – замондош фидойи ёшлар, қаҳрамон юртдошларимиз эканлигини акс эттирувчи кўчма фотокўргазмалар ташкил этади.

Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси кенгаши аъзоси Акмал Нур, Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов семинар иштирокчиларини самимий қутлаб, ўзаро ҳамкорликда олиб борилиши зарур бўлган муҳим вазифалар ижросига эътибор қаратди.

Шунингдек, семинарда 2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”га бағишлаб тайёрланган “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили – ёруғ келажагимиз пойдевори” номли тавсиялар қўлланмаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Тавсиялар турли байрам тадбирлари ўтадиган жойлар, марказий кўчалар, хиёбонлар, бозорлар, бекатлар ҳамда одамлар гавжум бўладиган, оммавий тадбирлар ўтказиладиган манзилларга ўрнатиладиган баннерлар, плакатлар ва турли тасвирий-тарғибот воситаларини тайёрлашда, маънавий-маърифий тадбирларни безашда фойдаланиш учун тарқатилди.

– Семинар доирасида ташкил этилган кўргазмада ижодий уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар бўлимлари томонидан тайёрланган йил мавзусига оид дизайнлар намуналари намойиш этилгани манзур бўлди, – дейди академик Акмал Нур. – Бу ҳудудларда шу каби тарғибот воситаларидан фойдаланишда барчага муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади. Бугун очиқлик томон дадил қадам қўйилди. “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси эндиликда тарғибот воситаларида раҳбарларнинг ютуқ ва камчиликларини ҳам олиб чиқиши керак.

Икки кунлик мулоқотлар давомида тадбир иштирокчилари Фарғона вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ташқи тарғибот ишлари билан яқиндан танишди. Ўз навбатида Риштон туманида жойлашган халқаро кулолчилик маркази, таниқли кулол Равшан Тожиддинов томонидан ташкил этилган кулолчилик галереяси, Учкўприк туманида “Меҳригиё” оилавий корхонаси, “Қўқон” эркин иқтисодий зонасидаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳамда Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдаси, Алломалар музейига мароқли саёҳатлар уюштирилди.

 

М.Сулаймонов, ЎзА  

М.Қодиров олган сурат