Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда ўзбек-қирғиз адабий алоқалари тобора ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Ўзбекистонда турк, озарбайжон, туркман, қозоқ ва қирғиз адабиёти намуналари муттасил таржима қилинади. Абай, Мағжон Жумабоев, Чингиз Айтматов, Анор муаллим, Юнус Ўғуз, Гунтекин, Меҳмет Ўндер ўзбек китобхонига жуда қадрдон.
Тадбирда «Туркий адабиёт хазинасидан» 100 жилдлик асарлар мажмуаси нашрдан чиққани, ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти томонидан улуғ венгер шоири Шандор Петёфи таваллудининг 200 йиллигига бағишланган энг яхши таржима асарлар танлови ўтказилгани ва бунда ўзбек шоирлари, таржимонлари фаол иштирок этгани эътироф этилди.
Учрашувда жорий йилда Андижонда қирғиз-ўзбек адабиёт кунларини ўтказиш юзасидан таклифлар ўртага ташланди, аниқ режалар келишиб олинди. Шунингдек, Султон Раевга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзолик гувоҳномаси топширилди.
Ҳар икки томон бир-бирларига эсдалик совғаларини тақдим этди.
ЎзА