Бугун ҳаётимизнинг ҳеч бир жабҳасини ахборот-коммуникация хизматларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Тараққиёт, ривожланиш, янгилик ва натижадорлик IT хизмати билан узвий боғлиқ.
Президентимиз раислигида 22 февраль куни соҳа ва ҳудудларда рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш масалалари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам IT хизматлар экспортини келгусида 1 миллиард долларгача ошириш режа қилингани, бунинг учун камида 100 минг нафар малакали дастурчи, IT-архитектор, оператор ва муҳандислар кераклиги таъкидланди.
Хўш, ушбу соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшадиган малакали кадрларни тайёрлаш учун қандай ишларни йўлга қўйиш керак? Бу ҳақда рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов батафсил маълумот берди.
—Президентимиз Ўзбекистонда рақамлаштиришни ривожлантириш бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида соҳада жуда ҳам катта ўзгаришлар бўлиши, янги имкониятлар яратилиши бўйича бир қатор таклифларни берди, — дейди Рустам Каримжонов. — Ёшларимиз, талабаларимиз соҳани мукаммал эгаллаб, муваффақиятларга эришишлари учун нималарга эътибор берилиши кераклиги олдимизда турган долзарб вазифа саналади.
Ҳозирги кунда вазирлик тизимидаги 4 та асосий ITга ихтисослашган олий таълим муассасасида 30 мингга яқин талаба таҳсил оляпти.
Ундан ташқари бошқа олий таълим муассасаларининг 44 тасида IT йўналиши очилган бўлиб, 15 мингга яқин талаба, жами юртимизда 50 мингга яқин талаба ушбу соҳа бўйича билим оляпти.
2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилида ушбу соҳа бўйича битирувчиларга янгича малака талаблари қўйишни режалаштиряпмиз. Талабаларимиз университетни битирганидан сўнг ҳеч бўлмаганда инглиз тилини яхши билиши, халқаро IT сертификатга эга бўлиши, 3-4-курслардан ўз соҳаси бўйича амалий ишларни йўлга қўйган, ҳеч бўлмаганда веб-сайт яратишни билиши керак. Биз ушбу талабларни қўямиз. Бундай талаблар олий таълим муассасаларида сифат кўтарилишига жуда ҳам катта туртки бўлади.
Кейингиси, хусусий IT таълим йўналиши. Юртимизда кундан-кунга соҳа бўйича ўқув марказлари кўпайиб боряпти. Ҳозирги кунда 200 дан ортиқ ITга ихтисослашган ўқув марказлари фаолият юритяпти. Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида ўқув марказлари томонидан сифатли кадрларни тайёрлаш учун уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги механизмни жорий этиш бўйича топшириқ берди.
Агар ўқув марказлари ёки таълим муассасаси сифатли кадр етиштириб, ушбу кадр халқаро IT компанияга кириб 6 ой ишласа, 25 миллион сўмгача компенсация, имконияти чекланган болаларни ўқитиб, халқаро компанияларга ишга жойлаштирса, 35 миллион сўмгача компенсация тўлаш тизими йўлга қўйилади.
Бу каби ишлар йўлга қўйилса, ўқув марказларида ҳам IT таълим бериш даражаси кескин ошади.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова
ёзиб олди