Ҳикоялар ибратли ва сатирик вазифани бажаради, жамоалар улардан суҳбатни бойитиш, баҳсда бошқаларни ишонтириш ёки вазиятни тушунтириш учун фойдаланади.

Насриддиннинг ҳикмат, зукколик, ҳайрат ва кутилмаганлик элементлари билан ажралиб турадиган сатирик ҳикоялари кўпинча умумэътироф этилган меъёрларни бузади, ҳикоячи қийин вазиятларда кутилмаган йўлларни топади ва сўз қудрати билан доимо ғолиб чиқади.

Насриддин Афанди ёки «Хўжа Насриддин» XIII асрдан бери Ўрта Осиё, Яқин Шарқ, Хитой, Кавказорти ва Болқонда тарқалган латифалар, ривоятлар ва эртаклардаги ҳажвий характер.

Насриддин Афанди ҳақиқатан ҳам ҳаётда бўлган ёки йўқлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, аммо тарихчилар унинг келиб чиқиши ҳақида бир нечта қарашларни илгари суради. Улардан бирига кўра, унинг ватани Бухоро, бошқасига кўра, у Хитойда туғилган. Аммо буларнинг ҳеч бири кўпгина мамлакатларда унинг шарафига ёдгорлик ўрнатилишига халақит бермади.

2022 йил Марокашнинг Работ шаҳрида бўлиб ўтган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг 17-сессиясида Хўжа Насриддин Афанди ҳақидаги латифаларни сўзлаб бериш анъанаси UNESCOнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди.

Қайд этилишича, ушбу кўпмиллатли номинация Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон ва Ўзбекистон томонидан тақдим этилган.

Латифа айтиб бериш анъанаси ўзининг донолиги, ҳазил-мутойиба таҳлили, жамият ва ҳаётий тажрибаларни ҳажвий тақдим этиши билан машҳур бўлган Насриддинга тегишлидир.

Бугун “Насриддиннинг саргузаштлари” фильми суратга олинганига 77 йил тўлди, дея хабар беради Кинематография агентлиги Ахборот хизмати.

Кинокартина Хўжа Насриддиннинг саргузаштлари ҳақида бўлиб, “Тошкентфильм” киностудияси томонидан ишлаб чиқарилган саргузашт бадиий фильм ҳисобланади.

Фильм премьераси 1947 йилнинг 7 апрелида Москва шаҳрида бўлиб ўтган. Фильм режиссёри Наби Ғаниев, сценарий муаллифи Виктор Виткович, оператор: Даниил Демутский, бастакор: Алексей Козловский, рассом: Варшам Еремян, ролларда Р. Ҳамроев, Р. Пирмуҳамедов, А. Жалилов ва бошқалар ижро этган.

Афандининг кулгили ҳикоялари ва латифалари оғзаки ривоятлар, ёзма манбалар орқали бизгача етиб келган. Улар туфайли кўплаб миллий иборалар ва мақоллар пайдо бўлди. Аксарияти эса классикага айланган ва кўпинча уларни босма нашрлар, болалар учун теледастурларда учратиш мумкин.

Ҳазиломуз латифаларда ўз даврида халқнинг урф-одатлари ва характери ҳамоҳанг бўлиб узоқ даврларгача етиб борган. Бу эса Насриддин Афанди ҳикоялари ортида ҳикматлар хазинаси борлигини ҳам акс эттиради.

ЎзА