Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Драматургия (Театр, кино, телевидение) кенгаши фаолиятининг 2022 йил якунларига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда 2022 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Драматургия кенгаши томонидан 15 дан ортиқ турли жанрдаги драматик асарлар кўриб чиқилгани таъкидланди.
Жумладан, Ҳалима Аҳмаднинг “Кўрпача ёхуд Сиздан кейин…”, “Афсунланган тун” драмалари, Бобораҳим Омоннинг “Парвоз ва инқироз”, Шойим Бўтаевнинг “Сюрприз”, Каромат Дилмоновнинг “Шоир қаноти”, Ўзбектош Қиличнинг “Ўзбегойим”, Фармон Тошевнинг “Баҳодир Ялангтўш” номли пьесалари ҳамда Абдурауф Бахмалийнинг “Ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқ” номли туркум сценарийларига тақризлар ёзилиб, тегишли тавсиялар берилди.
Ўтган ҳисобот даврида кенгаш томонидан Нафас Шодмонов, Қилич Абдунабиев, Жўра Маҳмудларнинг пьесалар тўплами нашрга тавсия қилинди.
2022 йилда Ўзбекистон театрларида 130 га яқин спектакллар саҳналаштирилган бўлиб, шуларнинг ярми, яъни 60 га яқини ўзбек драматургияси намуналаридир. Улар орасида ўзбек драматургларининг турли йилларда ёзилган пьесалари, инсценировкалар билан бирга “Усмон Носир” (И.Мирзо), “Иссиқ қор” (Ж.Жовлиев), “Соянгга ҳам сир айтма” (Қ.Норқобил), “Тўмарис” (Ш.Пардаев), “Давр ўғлони” (С.Сирожиддинов), “Ибрат” (Н.Аббосхон) каби ўнга яқин янги саҳна асарлари бор.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида кўрсатилган вазифаларга мувофиқ театрларга бир нечта саҳна асарлари ёзилди.
Жумладан, Иқбол Мирзонинг “Усмон Носир”, Жавлон Жовлиевнинг “Иссиқ қор” драмалари асосида янги спектакллар саҳналаштирилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган танловда Қўчқор Норқобилнинг “Тоғлардек баланд бўл” пьесалар тўплами 2022 йилнинг энг яхши драматургик асари сифатида эътироф этилди. Кенгаш аъзоси, ёш драматург Сардор Ҳамроев сценарийси асосида суратга олинган “Аёл қисмати” (Д.Масаидов билан ҳаммуаллифликда) фильми “Олтин Ҳумо” миллий кинотақдимотида “Йилнинг энг яхши фильми” номинациясида ғолиб деб топилди.
Ҳисобот йиғилиши якунида Драматургия кенгашининг 2023 йил фаолиятига оид режалари муҳокама қилинди, фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди. Кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан кенгашнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири