Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Бутунжаҳон ижтимоий адолат кунига бағишланган “Тўсиқларни енгиб ўтиш ва ижтимоий адолатга йўл очиш” мавзусида интер фаол мулоқот бўлиб ўтди.
Тузилма Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад видео мурожаатида аҳоли турмуш шароитини барбод қилган, тенгсизликни кучайтирган “COVID-19”дан кейин бутун дунёда ижтимоий-иқтисодий ривожланишни тиклаш бўйича фаол чора-тадбирлар кўрилаётгани таъкидланди. Қайд этилишича, 2021 йил ишга туширилган Бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича глобал акселератор муносиб иш ўринлари яратиш, универсал ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва углеродсиз келажак сари ҳаракатланиш учун самарали воситадир.
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Бош директори Гилберт Хунбо коронавирус пандемияси, геосиёсий ўзгариш, иқтисодий инқироз ва табиий офатнинг меҳнат бозорига салбий таъсири хусусида сўз юритди. Ҳисоб-китобга кўра, шаҳарларда бандлик 2023 йил атиги 1 фоиз ўсади, бу ўтган йилги кўрсаткичнинг ярмидан ҳам кам. Айни пайт дунёда 200 миллиондан зиёд ишчи қашшоқ яшамоқда.
Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов тадбир иштирокчиларига мамлакатимиз ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди. Асосий қонунимизда ижтимоий адолат тамойили мустаҳкам белгилаб қўйилгани, амалга оширилаётган ислоҳотларимиз замирида ҳам тургани таъкидланди.
Конституциямиз 14-моддасида “Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади”, дейилган. Шунингдек, конституциявий ислоҳот давлатнинг аҳолини ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мажбуриятини, жумладан, ишсизликдан ҳимоя қилиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имконият, оила, бола, аёл, қария ва ногиронларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни таъминлашга қаратилгани алоҳида қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кенг кўлам касб этган ислоҳотлар самараси ўлароқ, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш борасида эришилаётган аниқ натижалар билан таништирилди.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти, шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси ҳақидаги маълумот билан ҳам ўртоқлашилди.
ЎзА