«Туризм хизматларини сертификатлаш маркази» ДУК ахборот хизматининг хабар беришича, эндиликда Ўзбекистонда меҳмонхона хизматларини кўрсатишда доимий яшаш жойи ва никоҳ гувоҳномаси талаб қилинмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга асосан «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланган.

Низомнинг 5-бандига кўра, меҳмонхона хизматлари доимий яшаш жойи, фуқаролик, жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек, шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъи назар кўрсатилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Хабарда қайд этилишича, меҳмонхона хизматларини тақдим қилувчи тадбиркорлик субъектлари ички тартиб қоидаларини ишлаб чиқиши лозим. Ишлаб чиқилган ички тартиб қоидалари юқоридаги Низом талабларига зид бўлмаслиги керак.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июндаги 389-сон қарори билан янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эгасининг шахсини тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақоми берилди.

Шу муносабат билан меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш объектлари фуқаролик паспорти йўқлигига ишора қилиб, янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилганда меҳмонхона хизматларини кўрсатишни рад этишга ҳақли эмас.

 

ЎзА