Қоҳира, 21 февраль. ЎзА махсус мухбири Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг таклифига биноан 20-21 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ўзбекистон ва Мисрни, гарчи орадаги масофа узоқ бўлса-да, тарихий-маданий муштараклик, анъанавий дўстлик ва яқин ҳамкорлик бирлаштириб туради. Давлатимиз раҳбарининг ушбу мамлакатга илк ташрифи ана шу азалий алоқаларни бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, янги асосда равнақ топтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Президентимизнинг ушбу тарихий ташрифидан катта натижалар кутилаяпти. Миср биз учун бутун Африка минтақаси давлатларини боғловчи дарвоза ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу мамлакат ахборот-коммуникация технологиялари, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича бой тажрибага эга.

Ўзбекистон ва Миср ўз минтақаларида фаол иқтисодий савдо, инвестициявий ва логистика муҳитини яратмоқда. Шу салоҳият бирлаштирилса кўплаб янги бозорлар пайдо бўлади.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 21 февраль куни ўтказилди.

Қоҳирадаги “Ал-Иттиҳодия” саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Сарой олдидаги майдонда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси давлатимиз раҳбарини самимий қарши олиб, махсус шоҳсупага таклиф этди.

Ҳарбий оркестр ижросида икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради.

Сўнг давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.

“Ал-Иттиҳодия” саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг музокаралари бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон – Миср ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилиб, ўзаро муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб олдилар.

Сиёсат, хавфсизлик, савдо ва саноат кооперацияси соҳаларидаги ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар ва таълим алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари музокараларнинг асосий мавзулари бўлди.

Президентлар Мисрнинг “Назар-2030” стратегик режаси ва Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бир-бирига ҳамоҳанг эканини қайд этдилар.

Давлатимиз раҳбари Миср Президентини Иқлим ўзгариши бўйича  СОР-27 халқаро саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Музокаралар чоғида етакчилар икки томонлама муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, кенг сиёсий мулоқот фаоллашгани, БМТ, ИҲТ, ШҲТ ва Қўшилмаслик ҳаракати каби халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро кўмаклашилаётгани, парламентлараро алоқалар жадаллашганини мамнуният билан қайд этдилар.

Томонлар коррупцияга, хавфсизлик соҳасидаги замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда тажриба алмашишдан, Афғонистонни барқарорлаштириш ва қайта тиклаш бўйича халқаро ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Президентлар давлатимиз раҳбарининг ташрифи арафасида ўтган Ўзбекистон – Миср ишбилармонлик тадбирларининг якунларини юксак баҳоладилар.

Ўзаро инвестициялар жалб қилиш учун қулай шароитлар яратишга келишиб олинди. Икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини тўлдириб турувчи хусусиятга эга эканидан келиб чиқиб, бешта аниқ йўналишда – газ-кимё, тўқимачилик, электротехника, заргарлик ва фармацевтика тармоқларида ҳамкорлик қилиш чоралари белгилаб олинди.

Саноат кооперациясини ривожлантириш ва юқори рентабелли қўшма ишлаб чиқаришлар ташкил этиш мақсадида Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш таклиф қилинди.

Энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Мисрни боғлаб турган транспорт йўлакларини ривожлантириш чоралари ҳам муҳокама қилинди.

Маданий-гуманитар ва диний алоқаларни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Араб тили мутахассисларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан келишувга эришилди. Ўзбекистон Президенти 2024 йилда Арабшунослик глобал форумини биргаликда ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашув очиқ, самимий ва дўстона муҳитда ўтди. Якунда Шавкат Мирзиёев Абдулфаттоҳ ас-Сисини мамлакатимизга ташриф билан келишни таклиф этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миср Араб Республикасига ташрифи доирасида олий даражадаги музокаралар якуни бўйича ҳужжатлар имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Қўшма баёнотни қабул қилдилар.

Президентлар ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Улар икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Миср Инвестициялар бўйича бош бошқармаси ўртасидаги, ўсимликлар карантини ва ҳимояси, жамоат соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва икки томонлама инвестициявий муносабатларни мустаҳкамлаш, техник жиҳатдан тартибга солиш, тараққиёт масалаларида тажриба алмашиш каби йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.

Шунингдек, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Шарқшунослик институти томонидан Миср Миллий кутубхонаси ва архиви билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.

Олий даражадаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси оммавий ахборот воситалари вакилларига баёнот бердилар.

Давлатимиз раҳбари кўҳна ва бетакрор Миср заминида Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган самимий қабул ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдирди. Миср раҳбарияти ва халқининг улкан ютуқлари Ўзбекистонни хурсанд қилаётганини айтди.

Бўлиб ўтган музокаралар чоғида етакчилар икки мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар – Янги Ўзбекистон стратегияси ва Мисрнинг “Янги Республика” дастури бир-бирига ҳамоҳанг экани, янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар уйғунлиги тўғрисида якдил фикр билдирдилар.

– Биз биргаликда нафақат икки мамлакат ўртасида, балки стратегик жиҳатдан жуда муҳим бўлган минтақаларимиз орасида ҳам мустаҳкам ҳамкорлик кўпригини бунёд этишни мақсад қилганмиз, – деди мамлакатимиз етакчиси.

Учрашувда давлат раҳбарлари сиёсий маслаҳатлашувларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларидаги кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликда мавжуд улкан имкониятлар ва салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани алоҳида қайд этилди, шу муносабат билан савдони кўпайтириш учун амалий механизмлар ва самарали чораларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Биргаликда “яшил” энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, икки давлатни боғловчи мақбул транспорт йўналишларини ишлаб чиқиш, эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Давлатимиз раҳбари яна бир бор Миср компаниялари мамлакатимизда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириши учун барча шароитлар яратилишини билдирди.

Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида фаол ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттиришга аҳдлашиб олинди. Етакчилар Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва ушбу мамлакат халқига кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни сусайтирмаслик зарурлигини таъкидладилар.

Халқларимизни умумий дин, ўхшаш анъана ва урф-одатларга асосланган азалий дўстлик ришталари боғлаб туради. Шу муносабат билан илм-фан ва таълим алмашинувлари, умумий тарихий ва маданий меросимизни биргаликда ўрганиш, ёшлар ўртасидаги ва ижодий алоқаларни кучайтириш масалалари икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорлик кун тартибида алоҳида ўрин эгаллаши таъкидланди.

Шу маънода, икки мамлакат шоир ва адиблари, санъаткорлари ва маданият арбобларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга тайёрлик билдирилди.

Президентимиз буюк аллома бобомиз Аҳмад Фарғонийнинг ибратли ҳаёт йўли ва илмий меросини чуқур ўрганиш ва ёшлар орасида тарғиб қилиш мақсадида икки мамлакат олимларининг дўстлик илмий жамиятини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари нутқининг якунида Ўзбекистон – Миср саммитининг натижалари икки томонлама муносабатларни дўст халқларимиз фаровонлиги йўлида сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиши ва уларга узоқ муддатли руҳ бағишлашига қатъий ишонч билдирди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Миср Араб Республикасига расмий ташрифи якунланди.


ЎзА