Олий даражадаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси оммавий ахборот воситалари вакилларига баёнот бердилар.
Давлатимиз раҳбари кўҳна ва бетакрор Миср заминида Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган самимий қабул ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдирди. Миср раҳбарияти ва халқининг улкан ютуқлари Ўзбекистонни хурсанд қилаётганини айтди.
Бўлиб ўтган музокаралар чоғида етакчилар икки мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар – Янги Ўзбекистон стратегияси ва Мисрнинг “Янги Республика” дастури бир-бирига ҳамоҳанг экани, янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар уйғунлиги тўғрисида якдил фикр билдирдилар.
– Биз биргаликда нафақат икки мамлакат ўртасида, балки стратегик жиҳатдан жуда муҳим бўлган минтақаларимиз орасида ҳам мустаҳкам ҳамкорлик кўпригини бунёд этишни мақсад қилганмиз, – деди мамлакатимиз етакчиси.
Учрашувда давлат раҳбарлари сиёсий маслаҳатлашувларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларидаги кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликда мавжуд улкан имкониятлар ва салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани алоҳида қайд этилди, шу муносабат билан савдони кўпайтириш учун амалий механизмлар ва самарали чораларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Биргаликда “яшил” энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, икки давлатни боғловчи мақбул транспорт йўналишларини ишлаб чиқиш, эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Давлатимиз раҳбари яна бир бор Миср компаниялари мамлакатимизда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириши учун барча шароитлар яратилишини билдирди.
Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида фаол ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттиришга аҳдлашиб олинди. Етакчилар Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва ушбу мамлакат халқига кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни сусайтирмаслик зарурлигини таъкидладилар.
Халқларимизни умумий дин, ўхшаш анъана ва урф-одатларга асосланган азалий дўстлик ришталари боғлаб туради. Шу муносабат билан илм-фан ва таълим алмашинувлари, умумий тарихий ва маданий меросимизни биргаликда ўрганиш, ёшлар ўртасидаги ва ижодий алоқаларни кучайтириш масалалари икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорлик кун тартибида алоҳида ўрин эгаллаши таъкидланди.
Шу маънода, икки мамлакат шоир ва адиблари, санъаткорлари ва маданият арбобларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга тайёрлик билдирилди.
Президентимиз буюк аллома бобомиз Аҳмад Фарғонийнинг ибратли ҳаёт йўли ва илмий меросини чуқур ўрганиш ва ёшлар орасида тарғиб қилиш мақсадида икки мамлакат олимларининг дўстлик илмий жамиятини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Давлатимиз раҳбари нутқининг якунида Ўзбекистон-Миср саммитининг натижалари икки томонлама муносабатларни дўст халқларимиз фаровонлиги йўлида сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиши ва уларга узоқ муддатли руҳ бағишлашига қатъий ишонч билдирди.