Туркиянинг жанубидаги Хатай вилоятида кеча маҳаллий вақт билан оқшом соат саккизларда уч дақиқа оралиғида 6,4 ва 5,8 магнитудали зилзилалар содир этилиши оқибатида 4 киши халок бўлди, 294 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Туркия Фавқулодда вазиятлар департаменти хабар берди.
Биринчи зилзила манбаи 16,7 километр ва иккинчиси 7 километр чуқурликда бўлган.
«Анадолу» агентлигининг хабар беришича, зилзила Сурия, Ливан, Иордания, Ироқ, Фаластин ва Исроилда ҳам сезилган.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған кеча кундуз куни айнан Хатай вилоятида бўлиб қайтган эди.
Давлат раҳбари 6 февралдан бери содир этилган зилзилалар оқибатида 41 минг 156 киши вафот этганини маълум қилган.
Унинг маълум қилишича, 118 минг турар-жой биноси жиддий зарар кўрган, улар бузиб ташланади. “Талафотнинг ҳажмини ўрганиш ишлари ниҳоясига етмоқда”, деди етакчи.
Эрдоған зилзиладан кейин 15 кун ичида 114 минг 834 киши соғ-саломат қутқариб олингани, 1 миллион 684 киши вақтинчалик бошпана билан таъминлангани хабарини берди.
Президентнинг ишонтириб айтишича, табиий офат минтақасида уй-жойини йўқотганлар бир йил ичида янги хонадонларга кўчиб кирадилар.
ЎзА