Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат активларини бошқариш агентлиги бошқарма бошлиғи Шарофиддин Аҳмедов иштирокида брифинг ташкил этилди.

Қайд этилишича, корхоналарни бошқаришда кузатув кенгаши муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунга қадар, кузатув кенгаши таркибига асосан давлат органлари ходимлари киритилган. Шунингдек, эндиликда давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибидаги мустақил аъзоларни сайлашда энди барча акциядорлар овоз бериши мумкин.

Таъкидланишича, ҳозирда давлат иштирокидаги 57 та корхонанинг кузатув кенгаши таркибига 86 нафар мустақил аъзо киритилган. Келгусида давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибидаги мустақил аъзолари сони 30 фоизга етказилиши режалаштирилган. Давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик жамиятларида кузатув кенгаши таркибига камида бир нафар мустақил аъзо киритилади.

Сўнгги уч йил ичида жамият ва унинг аффилланган шахсларида аудиторлик хизматларини кўрсатган аудиторлик ташкилотининг ходими,  кетма-кет 6 йил давомида жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоси бўлган шахслар, жамиятнинг устави ёки бошқа ҳужжатлари билан белгиланган талабларга мос келмайдиган шахслар учун кузатув кенгашининг мустақил аъзоси бўлишга қўшимча равишда чеклов ўрнатилган.

Жамият ижроия органи томонидан йирик битим ёки аффилланган шахслар билан битим тузиш тартиби бузилганлиги натижасида унинг айби билан жамиятга етказилган зарар бўйича ижроия органининг субсидиар жавобгарлиги белгиланган.

 

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА