Бугунги кунда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти мамлакатимизда электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи асосий тизим ҳисобланади. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 80 фоизи корхона ҳиссасига тўғри келади.
Шу ўринда, корхонанинг 2022 йилдаги фаолиятига эътибор қаратадиган бўлсак, ишлаб чиқарилган электр ва иссиқлик энергияси ҳажми 17,9 триллион сўмни ташкил этган. Режа кўрсаткичи 103,8 фоиздир.
“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедовнинг таъкидлашича, ўтган йил натижаларига асосан 55,5 миллиард киловатт соат электр энергияси ва 5,35 миллион Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиб, ягона энерготизимга узатилди.
–Тармоқни молиявий соғломлаштириш, операцион самарадорликни ошириш, бошқарув тизимини жаҳонда тан олинган тамойиллар асосида ташкил этиш мақсадида “McKinsey&Company”, KPMG ва Deloitte каби халқаро консалтинг компаниялари жалб қилинди ҳамда ўрганишлар натижасида бир қатор ташаббуслар ва ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилди, – деди М.Бекмуҳаммедов. – Шунга кўра, истеъмолчиларга барқарор энергия ресурсларини етказиб бериш, электр ва иссиқлик энергияси нархининг ошишига йўл қўймаслик мақсадида ёқилғи сарфини камайтириш, операцион самарадорликни таъминлаш, юқори ривожланган ҳамда энергосамарадор технологияларни жорий этиш натижасида 2022 йилда ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархи 1,36 триллион сўмга пасайтирилди. Бунда белгиланган режа 118,3 фоизга бажарилди. Инвестиция дастурига асосан 6 та лойиҳа доирасида 256,3 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиб, белгиланган йиллик режа 111,9 фоизни ташкил этди.
Таъкидлаш керакки, инвестиция лойиҳалари доирасида ҳозирги вақтда Тошкент ИЭМда ҳар бирининг қуввати 32 МВтга тенг бўлган иккита газ турбина қурилмасини қуриш ва “Талимаржон” ИЭСнинг қувватини камида 900 МВтга ошириш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бу ишларни самарали ташкил қилиш мақсадида жамият АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Испания, Италия каби давлатларнинг компаниялари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Шунингдек, 2022 йилда жаҳонда “Катта учлик” гуруҳига кирувчи АҚШнинг “Fitch Ratings” рейтинг агентлиги “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг халқаро индикатив рейтингини “ББ-” “Барқарор” даражада баҳолади ва Ўзбекистон Республикасининг суверен рейтингига тенглаштирди. Мазкур рейтинг акциядорлик жамиятини жаҳоннинг инвестиция бозорларида аниқ ва равшан бизнес стратегиясига, шаффоф молиявий ҳолатига ва кучли корпоратив бошқарув тизимига эга корхона сифатида танитади.
Ўтган йилда нафақат ишлаб чиқариш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, балки ходимларни қайта ўқитиш, хорижда малакасини ошириш бўйича “Йўл харитаси”га асосан Германия, Италия, Россия ва Япония каби давлатларда 100 дан ортиқ, “Навоий” ИЭС қошидаги келажак энергетикаси таълим муассасасида эса 200 га яқин ходим малакаси оширилди. Соҳага малакали кадрларни жалб этиш мақсадида 123 та янги бўш иш ўрни яратилиб, уларга соҳавий ўрта-махсус ва олий таълим муассасаларининг ёш битирувчи-мутахассислари жалб этилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА