Жорий йил 16 февралда “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Бугунги кунда кўпчилик юртдошларимизда қуёш панелини ўрнатганларга қанча субсидия берилиши, қандай солиқ имтиёзлари борлиги, тадбиркорларга қандай имкониятлар яратилиши бўйича саволлар туғилмоқда.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрелдан республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли, яъни умумий қуввати 50 кВтгача бўлган қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилади. Ушбу дастур доирасида аҳоли томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясининг ҳар бир киловатт соатига 1 000 сўмдан субсидия ажратилади.
Қуёш панелларини ўрнатган фуқаролар ер солиғи ва мол-мулк солиғидан озод қилинади. Бундан ташқари, улар юридик шахслар томонидан умумий фойдаланишдаги тармоқ учун сотилган электр энергияси учун ундириладиган даромад солиғини тўлашдан ҳам озод қилинади.
Ҳужжатда қайд этилишича, шу йил 1 апрелидан умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 3 йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса – 10 йил муддатга қатор солиқ турларини тўлашдан озод этилади.
Хусусан, ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғи, юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғидан озод этилади. Қолаверса, тадбиркорлар, хорижий инвесторлар қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат органига ва (ёки) ҳудудий электр тармоқларига ўрнатилган тарифларда, бошқа истеъмолчиларга ўзаро келишилган нархларда тўғридан-тўғри тузилган, шу жумладан, узоқ муддатли шартномалар асосида сотиши мумкин.
Шу билан бирга, бошқа шахсларга тегишли объектларда ижара ҳуқуқи асосида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиб, ушбу қурилмаларда ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиши мумкин бўлади.
Эътиборлиси, Марказий банк ва тижорат банклари томонидан жорий йил 1 мартдан “яшил энергия” банк молия продукти амалга киритилади. Шу йилнинг 1 майидан эса фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинади.
Яна бир янгилик. Эндиликда янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари ҳамда цемент, ғишт ва оҳак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга табиий газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилиши тақиқланади.
Қолаверса, Ўзбекистондаги барча ёқилғи яъни автобензин, суюлтирилган ва сиқилган газ қуйиш шохобчаларининг маиший-техник эҳтиёжлари ва ҳудудини ёритиш учун электр энергияси таъминотининг камида 50 фоизи ушбу объектларда ўрнатиладиган қуёш панеллари орқали қопланиши талаб этилади.
Яна бир қулайлик, қуёш панелларини ўрнатмоқчи бўлган фуқаро ва тадбиркорларга юртимиздаги “Микрокредитбанк”, Халқ банки, Ипотека-банк, “Қишлоққурилишбанк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”ларда кредитлар ажратилмоқда. Мисол учун, Халқ банки томонидан фуқаролар учун бошланғич тўловисиз “Яшил макон” истеъмол кредити 5 йилгача муддатга 15 фоиздан 60 миллион сўмгача кредит берилмоқда. Кредит таъминоти жисмоний шахс кафиллиги асосида кредит базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробаридан ошганда мол-мулк гарови қўйиш орқали ажратилади.
Кредитнинг муҳим шартлардан бири, кредит тўлови дифференциал усулида амалга оширилади. Қуёш фотоэлектр станциялари, қуёш сув иситгичлари, шамол генераторлари, қуввати 1 МВт гача бўлган микро ва кичик гидроэлектростанциялари, биогаз ишлаб чиқарувчи ускуналар, биогаз қурилмалари, бошқа қайта тикланувчи энергия манба қурилмалари, энергия сақлаш тизимлари, маиший энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонларни сотиб олиш учун ажратилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бу кредитлар 18 ёшга тўлган ва 55 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига берилади.
Яна бир маълумот, қуёш панеллари ўрнатган тадбиркорлар ишлаб чиқарган электрни давлат кафолатли сотиб олади. Кейинги йилдан эса бошқа истеъмолчиларга ҳам сотиши мумкин бўлади. Аҳоли ўз хонадонида панел ўрнатса, эҳтиёжидан ортиқ тармоққа сотган электр энергиясининг ҳар бир киловати 1 минг сўмдан сотиб олинади. Ҳозирги тариф 295 сўмни ташкил этади. Ҳар ойда ҳисоб-китоб қилиб, маблағлар хонадон эгасининг пластик картасига ўтказиб берилади.
Бир сўз билан айтганда давлатимиз томонидан кенг имконият яратилган. Бундан унумли фойдаланиш эса ўзимизга боғлиқ. Зеро, электр энергияси бизга ҳар куни керак. Шундай экан табиат инъом этган қайта тикланувчи манбалардан унумли фойдаланиш лозим. Бу ҳар томонлама ўзини оқлайди. “Яшил технологиялар”дан фойдаланиш орқали бир неча баробар кўпроқ қувватларни жорий этиш ва миллиардлаб маблағларни тежаш мумкин.
Мисол учун, 96 та хонадонга эга 4 та кўп қаватли уйда қуёш панелларини ўрнатиш ҳисобига йилига 100 минг киловатт соат электр энергиясини иқтисод қилиш мумкин. Ушбу қурилмаларнинг кўп ўрнатилиши мамлакат иқтисодиётига фойда келтиради. Электр энергия муқобил энергия манбаларидан олингани сари, табиий манбалар тежалади. Энергетика тармоқларидаги юкламаларни енгиллаштириш, аварияларнинг олдини олиш, тармоқлардаги технологик йўқотишларни пасайтириш имконияти ошади. Энг муҳими экологик тоза, “яшил” энергияга ўтиш жараёни фаоллашади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА