Энергетика вазирлиги, Хитойнинг “Huaneng renewables Corporation” ва “Poly Technologies” компаниялар консорсиуми ўртасида Жиззах ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 2000 МВтга тенг бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича ҳамкорлик ҳақида келишув имзоланди.

Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, имзоланган келишувга асосан ушбу компаниялар консорсиуми томонидан юртимизга 2 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилади.

–Ушбу қуёш фотоэлектр станцияларининг илк қувватлари жорий йил якунига қадар, 2024 йилда эса тўлиқ қувватларда ишга туширилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида йилига 5 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 1,3 миллиард метр куб табиий газ тежалишига эришилади, –деди вазирлик матбуот хизмати бош мутахассиси Обиджон Дилмуродов.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.

Бугун имзоланган ушбу ҳужжат ташриф доирасида имзоланган иккинчи ҳамкорлик келишувидир. Ташриф чоғида 15 февраль куни Энергетика вазирлиги ва «CEEC ENERGY CHINA»  компанияси ўртасида Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 2000 мегаваттли қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича англашув меморандуми имзоланган эди.

ЎзА