Аркадий Дубнов, Марказий Осиё бўйича эксперт: – Бугунги конферецияга Россиядан бир гуруҳ вакиллар келганмиз. Биз анжуман қандай натижа беради деган савол атрофида баҳс мунозаралар қиляпмиз. Бир гуруҳ дўстларимиз Тошкентда ўтаётган бу анжуман сал вақтлироқ ташкил этилди, Афғонистон ҳали бунга тайёр эмас демоқда.
Мен эса уларга қарши айтдимки, бундай ҳаракатлар қачон натижа беришини олдиндан билиб бўлмайди, лекин қайси биридир албатта самара бериши шубҳасиз. Барчамиз “Толибон” ҳаракатидан вакиллар келишини кутган эдик, лекин келишмади. Буни ҳам табиий ҳол сифатида қабул қилиш керак, чунки уларнинг ҳаракатлари ва йўналишлари кўп. Энг муҳими, ҳал қилувчи куч кимда экани ҳамон аниқлангани йўқ.
Кўпчиликнинг хабари бор, Туркманистон газини Афғонистон орқали Ҳиндистонга ўтказиш борасидаги лойиҳа асосида қувурлар тармоғи барпо этилмоқда. Бунда “Толибон” ҳаракати вакиллари трассани қўриқлашга жалб этилса, ўртада келишувга эришиларди деган фикрдаман. Улар ўзларини манфаати учун ҳам тинчликни сақлашга ва уни таъминлашга мажбур бўларди.