Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун доирасида амалга оширилган ишлар, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чоралар юзасидан масъул вазирлик ва идораларнинг ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, 2021 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда хусусийлаштириш жараёнига тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этишга, якка тартибдаги тадбиркорларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ер участкаларини хусусийлаштиришга имкон яратди. Шунингдек, кичик саноат зоналари, хусусийлаштирилиши мумкин бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинди.
— Мазкур қонун ижроси доирасида ер участкаларини аукцион савдоларига чиқаришда амалдаги тартиб-таомиллар соддалаштирилди, — деди Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов. — Хусусан, бўш ер участкаларини электрон онлайн аукционга қўйиш муддатлари ижара ҳуқуқи билан бериладиган ер участкалари учун 48 кундан 16 кунгача, мулк ҳуқуқи билан бериладиган ер участкалари учун 74 кундан 22 кунгача қисқартирилди.
Ахборотда қайд этилганидек, 2022 йилнинг бошидан бугунги кунга қадар “Yerelektron” ахборот тизимига жами 90,8 мингта (5 827 гектар) бўш ер участкалари бўйича таклифлар киритилиб, шундан 59,1 мингтаси (3 589,7 гектар) 1,71 триллион сўм бошланғич нархда аукцион савдоларига чиқарилган. Юридик ва жисмоний шахсларга доимий фойдаланиш, ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш қиймати аввал йиллик ер солиғининг 20 баравари, кейинчалик Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида ер солиғининг 10 баравари, бошқа ҳудудларда 5 баравари қилиб белгиланган.
– Ўтган давр мобайнида (2023 йил 16 февраль ҳолатига) 35 минг 368 та ер участкаларини хусусийлаштириш юзасидан мурожаатлар келиб тушган, – деди Кадастр агентлиги директори ўринбосари Мирсаид Мирмақсудов. – Шундан 13 минг 163 тасига (34.4%) ижобий хулоса берилган, 22 минг 784 таси рад этилган ва 421 таси жараёнда.
Шунингдек, шаҳарсозлик ҳужжатлари бўлмаган жойлардаги ерларни ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши билан келишилган ҳолда савдоларга чиқариш ҳамда ижара ҳуқуқи асосида савдога чиқарилаётган ер участкалари бошланғич нархини бозор шароитига мос равишда ҳисоблаш механизмларини жорий этиш таклифлари илгари сурилди.
М.Комилова, ЎзА