ФОТОРЕПОРТАЖ

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида “Ёшлар парламенти”га ўтказилаётган сайловнинг республика босқичи дастлабки қисми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” том маънода ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий жараёнларда ёшларнинг иштирокини таъминлашга қаратилган фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисмига айланмоқда.

Белгиланган режага кўра, 17, 20 ҳамда 21 февраль кунлари уч қисмда бўлиб ўтадиган сайловнинг республика босқичи ўта қизғин руҳда бошланди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда ҳудудий Кенгаш депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши раҳбарияти ва аъзолари, партиянинг Марказий аппарати ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддиларидан иборат таркибдаги ҳакамлар ҳайъати номзодлар ҳужжатлари ва сайловолди дастурларини синчковлик билан ўрганиб чиқди.

Ҳакамлар пойтахтдан олис ҳудудларда яшовчи номзодлар билан ZOOM платформаси орқали онлайн тарзда бевосита суҳбатлар ҳам олиб борди. Жараёнда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган номзодларнинг қонунчилик соҳасидаги билим ва тажрибаси, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклифлари, партия фаолиятидаги фаоллиги, ўз ортидан ёшларни эргаштира олиш салоҳияти, давлат бошқарувига оид билими, жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга доир қарашлари алоҳида инобатга олинди.

Сайловнинг бугунги, биринчи қисмида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Наманган ҳамда Навоий вилоятларидан 18 нафар номзод иштирок этди. Сайловнинг иккинчи ва учинчи қисмида Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан ёш номзодларнинг салоҳияти синовдан ўтказилади.

Мазкур жараёнлар якунида, сайлов Низомида белгиланган талабларга кўра, сайлов ҳайъати томонидан Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига бўлиб ўтган сайловда эгаллаган ўрнига мос равишда, “Ёшлар парламенти”га муносиб 24 нафар номзодни очиқ овоз бериш йўли орқали сайлаш назарда тутилган.

Камола Юсупова, Даврон Эрназаров (сурат) ЎзА