“Ханчжоу-2022” Осиё ўйинлари ҳамда “Париж-2024” Олимпиадасига тайёргарлик кўраётган ҳар бир спортчининг овқатланиш тизими алоҳида шакллантирилади. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Тошматов таэквондо WT бўйича миллий терма жамоа мураббийлари билан учрашувда таъкидлади.
Йиғилишда Бутунжаҳон таэквондо федерациясининг янгиланган тақвими асосида жорий спорт мавсумидаги мусобақалар режаси кўриб чиқилди.
Таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Павел Хан бошчилигидаги мураббийлар штаби, тиббиёт соҳаси вакиллари қатнашган йиғилишда жорий йилги мусобақалар ёзги Осиё ва Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг муҳим нуқтаси сифатида қаралиши, “Ханчжоу-2022” Осиё ўйинлари ҳамда “Париж-2024” Олимпиадасига тайёргарлик давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани, бундай эътиборга муносиб бўлиш лозимлиги, йил давомида ўтадиган асосий халқаро мусобақаларда “Fujairah Open” турниридагидек юқори натижаларга эришиш кераклиги айтиб ўтилди.
Мулоқотда “Ханчжоу-2022” Осиё ўйинларида иштирок этиши кутилаётган спортчилар таркиби муҳокама қилинди. Шунингдек, асосий таркиб билан бир вақтда захира спортчиларини тайёрлаб бориш, спортчиларимизнинг ҳар бир Олимпия вазнида лицензион ҳудуддан жой олиши мураббий ва мутахассисларнинг асосий вазифаларидан бири эканлиги билдирилди. Шу жиҳатдан, ҳар бир спортчининг овқатланиш тизимини ўрганиб чиқиш, хулосалар тақдим этиш, шу асосда тайёргарлик стратегиясини доимий тарзда таҳлил этиб бориш “Ханчжоу-2022” Осиё ўйинлари ҳамда “Париж-2024” Олимпиадасида муваффақиятга эришиш омили эканлиги билдирилди.
Т.Рўзиев, ЎзА