Ён қўшни – жон қўшни
Қирғизистонда мактаб ўқувчилари ўртасида халқаро иншолар танлови бошланди. Бу ҳақда “Кабар” ахборот агентлиги маълум қилди.
“Тасаввур қилинг-а, сиз супер қаҳрамонсиз, вазифангиз дунёдаги барча йўлларни болалар учун хавфсизроқ қилиш. Кимгадир бу миссияни бажариш учун лозим бўладиган қудратли режа ҳақида хат ёзинг!”
Ўқувчиларга айни шу мазмунда мавзу топширилди.
Ғолибларни ажойиб совғалар кутмоқда: 1-ўринга ноутбук, 2-ўрин учун планшет, 3-ўринга қўл телефони. Танловда 9-15 ёшли болалар иштирок этиши мумкин. Ишлар 2023 йил 7 апрелгача қабул қилинади.
Ушбу танлов Жаҳон почта иттифоқи (ЖПИ)га аъзо барча мамлакатларда “9 октябрь – Жаҳон почта куни” муносабати билан ўтказилади.
Иттифоққа аъзо ҳар бир почта оператори танлов эълон қилади ва Швейцариянинг Берн шаҳридаги ЖПИ қароргоҳига бир боланинг иншосини юборади. Дастлабки уч ўринни эгаллаган иштирокчилар ташкилот томонидан медаль билан тақдирланади. Биринчи ўрин соҳиби Бернга халкаро бюро совринини олиш учун йўлланма билан тақдирланади.
Дарвоқе, интернет манбаларидан кўчирилган иншолар танловга қўйилмайди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА