АОКАда Мудофаа вазирлиги мутасаддилари иштирокида брифинг ўтказилди.

Жорий йилнинг 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Ҳужжатга мувофиқ, мудофаа ишлари бошқармаларининг чақирув ва йиғин пунктларида фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда ҳарбий қисмларда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тадбирлари бошланди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг март-апрель ойларида чақирув ёшидаги фуқаролар Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги Қоровул ва халқаро аэропортларни қўриқлаш қўшинлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар ва Мудофаа вазирликлари қўшинларига муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун юбориш, муддатли ҳарбий хизмат муддатини ўтаб бўлган фуқароларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш ишлари ўтказилади.

Кечадан жойларда чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни ҳарбий қисмга жўнатиш учун командаларга тайинлаш ишлари бошланди. Бугунги кунда туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузурида Қуролли Кучларни бутлаш ҳамда ҳудудий-тиббий комиссиялар иш фаолиятларини олиб бораётган бўлса, жорий йилнинг 20 февралидан бошлаб эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар йиғин пунктларида Раҳбарият кенгашлари ҳамда ҳарбий-тиббий комиссиялар иш фаолиятини бошлайди.

Ҳарбий хизматга чақириш тадбирлари 2020 йил 6 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Чақирув тадбирларини ўтказиш масъулияти ҳарбий округ қўшинлари қўмондонларига юклатилган. Ёшларни муддатли ҳарбий хизматга саралаб олиш, ҳарбий командаларга тайинлаш тадбирлари Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, ДХХ Чегара қўшинлари вакилларидан иборат Бутлаш комиссиялари ҳамда Раҳбарият кенгашлари, номзод чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари ҳарбий госпиталь ҳарбий шифокорлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокор-мутахассислардан иборат ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан ўтказилади.

Бугунги кунда Қуролли Кучлар сафини жисмонан бақувват ва руҳан соғлом фуқаролар билан бутлаш мақсадида муддатли ҳарбий хизматга чақирилиш тартиби иккита босқичда ўтказилади. Яъни  туман, шаҳар мудофаа ишлари бўлимлари чақирув пунктларида ҳудудий тиббий комиссиялари томонидан бирламчи тиббий кўрик, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаларидаги йиғин пунктларида ҳарбий тиббий комиссиялари томонидан эса чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилади.


М.Қосимова, ЎзА