“Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Фахриддин Бобоев бошчилигидаги делегация “Pure London 2023” халқаро мода ва дизайн кўргазмасида иштирок этмоқда.
Сафардан кўзланган мақсад юртимизда халқаро стандарт ва сертификатларни жорий қилиш, Бирлашган Қиролликнинг “Developing Countries Trading Scheme – DCTS” преференциал режими имкониятидан фойдаланган ҳолда, Британия бозорига кириш.
Сафар давомида жаҳон мода тенденцияси билан танишилади, мамлакатимизда халқаро брендлар маҳсулотини ишлаб чиқариш масаласи муҳокама қилинади.
Йилига икки марта ўтказиладиган ушбу кўргазмада тўқимачилик, чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар қатнашади. Жорий йилги тадбирда соҳанинг 17 мингдан кўп устаси, 800 дан зиёд компания, брендлар 1300 га яқин тайёр маҳсулот жамланмаси билан иштирок этяпти.
Кўргазма доирасида “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарияти Британиянинг “Kris-Ana”, “North&Sourth Footwear”, “Hydestyle” ва “Shu Da living” корхоналари, Жанубий Африка чарм ва пойабзал маҳсулотлари экспортчилари кенгаши (SAFLEC), ушбу мамлакатнинг “Angel Soft”, Туркиянинг “BTB Global”, Нидерландиянинг “Bulaggi”, Испаниянинг “Landa”, Руминиянинг “Colloris” компаниялари билан музокара ўтказди. Учрашувлар давомида мамлакатимиз корхоналарининг ишлаб чиқариш салоҳияти, шунингдек сифат менежменти, логистика ва маҳсулот таннархига доир маълумотлар тақдим этилди.
Бундан ташқари “Барқарор теричиликни ривожлантириш” (Sustainable Leather Foundation, SLF) ва “Чарм ишчи гуруҳи” (Leather Working Group, LWG) халқаро ташкилотлари томонидан “Ўзчармсаноат” уюшмасига аъзолик сертификати топширилди. Уюшма раҳбари Халқаро мўйна федерацияси (International Fur Federation, IFF) ва Нортхемптон университети қошидаги Креатив чарм технологиялари илмий институти вакиллари билан учрашиб, ўзбекистонлик мутахассислар малакасини ошириш масаласини муҳокама қилди.
Британия томони жорий йил 5-7 апрель кунлари бўлиб ўтадиган “UzCharm Expo Shoes Star – Eurasia-2023” 14-Халқаро маҳаллий маҳсулотлар кўргазма-ярмаркасида қатнашишга қизиқиш билдирди. Британия чарм кенгаши “Leather UK” ва Кўнчилар халқаро кенгаши (International Council of Tanners, ICT) ҳамда “Ўзчармсаноат” уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
ЎзА