Пойтахтимизда очилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида ўтказилаётган халқаро конференцияда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилди.
Президент ўз чиқишида Афғонистондаги вазиятни бартараф этиш бўйича кўп қиррали ва мураккаб масалалар минтақа ва халқаро миқёсда кенг муҳокама қилинаётганига эътибор қаратди.
Бу ўринда Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий инқирозни ҳал этиш йўлларини топиш мақсадида ташкил этилган Қобул жараёни, Москва формати, Халқаро мулоқот гуруҳи, “Осиё юраги” деб номланган Истанбул жараёни, “ШҲТ-Афғонистон” мулоқот гуруҳи ва бошқа кўп томонлама муҳокама жараёнлари алоҳида диққатга сазовордир.
Ўзбекистон Қобул жараёни доирасидаги иккинчи мажлис иштирокчиларининг Афғонистон ҳукумати билан “Толибон” ҳаракатининг “олдиндан шарт қўймаслик ва куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик” асосида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлайди.
Аммо тинчлик сари ҳаракатнинг энг асосий шарти, бизнингча, аввало минтақа ва глобал даражада келишилган, Афғонистон учун ягона кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборатдир.
Шундан келиб чиққан ҳолда, бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизнинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:
биринчи – афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойилларини ишлаб чиқиш ва улар бўйича кенг ва қатъий халқаро консенсус – муросага эришиш;
иккинчи – Афғонистон ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида музокараларни бошлаш механизмини ишлаб чиқиш;
учинчи – Афғонистондаги миллий келишув жараёнига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак бериш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш.
Ва, ниҳоят, барча манфаатдор ташқи кучларнинг қуролли мухолифатдан Афғонистон ҳукумати билан музокаралар столига ўтиришини, қарама-қаршилик ва зўравонликка чек қўйишни қатъий ва бир овоздан талаб қилиши беқиёс аҳамият касб этади.
Бундан бошқа йўл йўқ. Бизнинг фикримизча, учрашувимизнинг бош ғояси шундан иборат.