Маълумки, жорий йилнинг январь ойида мамлакатимизда аномал совуқ ҳаво оқими кириб келиши муносабати билан, Энергия ва иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилди. Таъкидлаш жоизки, энергия таъминотдаги муаммолар ва узилишлар қандайдир ташқи факторларга боғлиқ бўлмаган ҳолатдир. Бу ички истеъмолнинг ошиши, иқтисодиётимизнинг ўсиши, янги қурилган уйлар ва аҳоли сонининг ошиши, шунингдек саноат корхоналарининг кўпайиши оқибатида энергия ресурсларга бўлган талаб-эҳтиёжи кескин ошишига олиб келди. Сўнгги беш йилда юртимизда хонадонлар 1,2 млн.тага кўпайди, корхоналар сони эса 260 мингтага кўпайди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 16 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 январь куни аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Мазкур йиғилишда энергия таъминотидаги муаммолар танқидий таҳлил қилинди ва тегишли вазифалар белгиланди.
Энергетика – иқтисодиёт, умуман, тараққиётнинг “қон томири” ҳисобланади. Истеъмолнингйилда-йилгаошиббораётгани, ресурслар қисқариб бориши вақимматлашиши, импортга боғлиқлик кучайишига олибкелмоқда.Ўз навбатида, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш масаласи бугунги кундаги энг муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади. Шу сабабли қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш кун сайин муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.
Ўзбекистон яшил энергетикага ўтиш бўйича қандай имконият мавжуд ва режалар белгиланган?
Қайд этиш жоизки, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 24-мақсадида иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда «Яшил иқтисодиёт» технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш белгиланган. Бунда 2026 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 30 миллиард кВт. соатга ошириб, жами 100 миллиард кВт. соатга етказиш, 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш. Уй-жой коммунал хўжалиги, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш каби вазифалар белгиланган.
Бундан ташқари, режа бўйича 2026 йилга бориб Ўзбекистонда умумий қуввати 8 000 мегаваттга тенг қуёш ва шамол электр станциялари, 868 мегаватт қувватга эга гидроэлектр станциялари ишга туширилиши кутилмоқда. Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 2026 йилга бориб 8 ГВт.га, 2030 йилга бориб эса 12 ГВт.га оширишни мақсад қилган. Ўзбекистонда қуёш йилига ўртача 330 кун нур таратгани боис, мамлакатимизда қуёш энергиясидан фойдаланиш имконияти мавжуд.
Қуёш панелларини ўрнатганларга қандай имкониятлар, имтиёз ва преференциялар мавжуд?
Маълумки, қонунчилигимизда қуёш панелларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича бир қанча имтиёз ва преференциялар белгиланган. Хусусан:
- Аҳоли ўз хонадонида қуёш панелларини ўрнатса, эҳтиёжидан ортиқ электр энергиясини давлат тармоқларига сотган аҳолига ҳар бир кВт.соат учун 1000 сўмдан (ҳозир 295 сўмдан) тўланади;
- Панел ўрнатган тадбиркорлар ишлаб чиқарган электрни давлат кафолатли сотиб олади. Кейинги йилдан эса бошқа истеъмолчиларга ҳам сотиши мумкин бўлади. Тадбиркорлар томонидан кичик ўлчамли қуёш батареясидан олинадиган 1 кВт/соат электр энергиясининг ўртача нархи 450 сўм бўлиб, уни бюджет ташкилотига 800 сўмдан сотиши мумкин. Ҳар ойда ҳисоб-китоб қилиб, маблағлар хонадон эгасининг пластик картасига ўтказиб берилади.
- Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 21 майдаги «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг 14-моддасига кўра:
- Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга озод этилади.
- Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар эгалигидаги мол-мулкка қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди.
- Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод этилади.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан шахсий эҳтиёжлар учун электр энергияси ишлаб чиқарилган тақдирда рухсат берувчи ҳужжатлар олиш талаб этилмайди.
Қуёш панел ўрнатиш учун давлатдан компенсация олиш мумкин:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг2022 йил 9 сентябрдаги «Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинган. Фармонга кўра, қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022 йил 1 октябрдан бошлаб:
▪жисмоний шахсларга Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан республикада ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш имконияти яратилади;
▪қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг қийматини тўлиқ тўлаган ҳолда уларни харид қилган ва ўрнатган истеъмолчиларга харид харажатларининг бир қисми 1-жадвалда кўрсатилган миқдорларда Жамғарма ҳисобидан компенсация қилинади;
1-жадвал
Қуёш ёки шамол электр станциясини ўрнатганлик учун
компенсациялар миқдори
Т/р | Ўрнатилган қувват | Компенсация миқдори (базавий ҳисоблаш миқдори) |
1. | 0,5 кВтдан 1 кВтгача | 7 баробар (2 100 000 сўм) |
2. | 1 кВтдан 1,5 кВтгача | 10 баробар (3 000 000 сўм) |
3. | 1,5 кВтдан 2 кВтгача | 15 баробар (4 500 000 сўм) |
4. | 2 кВт ва ундан юқори | 20 баробар (6 000 000 сўм) |
5. | 5 кВт ва ундан юқори* | 50 баробар (15 000 000 сўм) |
Эслатма: 2023 йил 1 январь ҳолатига базавий ҳисоблаш миқдори 300 000 сўмни ташкил этади.
▪истеъмолчилар томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари тўғридан-тўғри маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар, етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш хизматларини кўрсатувчи корхоналар, маҳаллий чакана савдо объектларидан, шу жумладан, электрон тижорат воситалари орқали сотиб олинганда, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади ёки якуний чакана нархдан компенсация миқдори чегириб ташланади.
2-жадвал
Қуёш панеллари ўрнатиш учун аҳолига бериладиган кредитлар миқдори ва муддатлари
№ | Банк номи | Кредит номи | Кредит муддати | Кредит миқдори | Кредит фоизи |
1. | Микрокредитбанк | «Saving energy» | 60 ойгача | 500 БҲМгача | 15% |
2. | Халқ банки | «Яшил макон» | 5 йилгача | 60 млн. сўмгача | 15% |
3. | Ипотека-банк | «Яшил макон» | 5 йилгача | 90 млн. сўмгача | 15% |
4. | Қишлоқ-қурилишбанк | «Яшил макон» | 5 йилгача | 90 млн. сўмгача | 15% |
Аҳоли учун қуёш панелларини ўрнатиш самаралими?
Мисол учун, фуқаро А.Салимов Тошкент шаҳрида истиқомат қилади. Унинг эгалигидаги ер участкаси 5-зонада (2023 йилга 1 м2 ер учун 550 сўм солиқ ставкаси) жойлашган бўлиб, 6 сотих (600 м2 ). Шунингдек, эгалигидаги уй-жойнинг кадастр қиймати 120 млн. сўм ва умумий майдони 300 м2ни (0,37% солиқ ставкаси 2023 йил учун) ташкил этади. Фуқаро А.Салимовга 2023 йил учун 330 000 сўм ер солиғи, 444 000 минг сўм мол-мулк солиғи жами 774 000 сўмни ташкил этмоқда. Фуқаро А.Салимов солиқдан имтиёзли даврда 3 йилда жами 2 322 000 сўм маблағ ўзи ихтиёрида қолмоқда.
Бироқ, бугунги кундаги бозор нархларидан келиб чиқиб, 5 кВт.ли қуёш панелининг ўртача нархи 54 500 000 сўмни (компенсация нархи билан 48 500 000 сўм) ташкил этади https://energymarket.uz/.
Ушбу қуёш панелининг энергия қуввати ҳажми ўртача 4-5 кишилик оила учун мўлжалланган бўлиб, 4-5 хонали уйни энергия билан таъминлаш, 1 та телевизор, 1 та холодильник ва кондиционерни ишлатишига етади.
Ҳисоб китобларга кўра, 5 кишилик оила ўртача бир ойда 400 кВт соат электр энергиясини истеъмол қилади ва (295 сўм)дан жами 118000 сўм тўловни амалга оширади. Агар 5 кВт.ли қуёш панелини ўрнатса, бир ойда 750 кВт. электр токи ишлаб чиқилади. Истеъмолдан ортиқча бўлган 350 кВт.ни давлатга 1000 сўмдан сотса, бир ойда 350 000 сўм даромадга эга бўлади. Бир йилда эса 4 200 000 сўм даромадга эга бўлади.
Демак, фуқаро бир йилда жами 4 974 000 сўм, шундан 774 минг сўм солиқдан имтиёзга эга ва 4 200 000 сўм даромад эга бўлмоқда. Қуёш панелининг нархини қоплаш учун фуқарога ўртача 10 йил вақт керак бўлади. Бу эса фуқаро учун фойдаланиш нафлиги ва самарадорлиги кам ҳисобланади.
Аҳоли ўртасида қуёш панелларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш бўйича қандай имкониятлар мавжуд?
1-таклиф: Аҳоли хонадонларида кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кескин ошириш ҳамда рағбатлантириш тизимини жорий этиш. Бунда қуёш панелларини ўрнатган жисмоний шахсларни табақалаштирилган тартибда мол-мулк солиғидан озод этиш.
Амалга ошириш механизми: Турар жой ва хонадонларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан (қуёш панеллари, иситиш коллекторлари) фойдаланувчи жисмоний шахсларни табақалаштирилган тартибда мол-мулк солиғидан озод этиш. Бунда кучланиш бирлиги 5 кВт.гача қуёш панелларига 5 йил, 5-10 кВт.гача бўлганлари 7 йил ва 10 кВт.дан юқори бўлганларга 10 йилга ўрнатилган ойдан мол-мулк солиғидан озод этиш. Амалдаги СК-421 моддасида имтиёз муддати 3 йил этиб белгиланган. Бу эса имтиёздан фойдаланиш нафлилиги ва самарадорлигини таъминламайди ҳамда жисмоний шахснинг қуёш панели учун қилинган харажатини қопламайди. Солиқ кодексининг 421-моддасига ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.
2-таклиф: Аҳоли хонадонларида кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кескин ошириш ҳамда рағбатлантириш тизимини жорий этиш. Бунда қуёш панелларини ўрнатган жисмоний шахсларни табақалаштирилган тартибда ер солиғидан озод этиш.
Амалга ошириш механизми: Турар жой ва хонадонларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан (қуёш панеллари, иситиш коллекторлари) фойдаланувчи жисмоний шахсларни ер солиғидан табақалаштирилган тартибда озод этиш. Бунда кучланиш бирлиги 5 кВт.гача қуёш панелларига 5 йил, 5-10 кВт.гача бўлганлари 7 йил ва 10 кВт.дан юқори бўлганларга 10 йилга ўрнатилган ойдан ер солиғидан озод этиш.
Амалда СК-436 моддасида имтиёз муддати 3-йил белгиланган. Бу эса имтиёздан фойдаланиш нафлилиги ва самарадорлигини таъминламайди ҳамда жисмоний шахснинг қуёш панели учун қилинган харажатини қопламайди. Солиқ кодексининг 436-моддасига ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.
3-таклиф: Аҳоли хонадонларида кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кескин ошириш ҳамда рағбатлантириш тизимини жорий этиш. Бунда қуёш панелларини ўрнатиб, давлатга сотилган электр энергиядан олинадиган даромадларини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этиш.
Амалга ошириш механизми: Турар жой ва хонадонларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан (қуёш панеллари, иситиш коллекторлари) фойдаланувчи жисмоний шахслар давлатга сотилган электр энергиядан олинадиган (1 кВт учун 1000 сўмдан белгиланди) даромадларини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этиш. Амалда ушбу тартиб белгиланмаган. Ушбу тартибнинг жорий этилиши натижасида имтиёздан фойдаланиш нафлилиги ва самарадорлигини таъминланади ва қуёш панелларини ўрнатиб даромад оладиган жисмоний шахсларни рағбатлантиради. Солиқ кодексининг 378-моддасига ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.
Хулоса қилганда, юқорида билдирилган таклифларнинг амалиётга қўлланилиши аҳоли ўртасида қуёш панелларидан фойдаланиш кўлами ва самарадорлигини оширади ҳамда мамлакатимизда яшил иқтисодиётни ривожланишига хизмат қилади.
Ж. Ўрмонов, Ўзбекистон Республикаси
Жамоат хавфсизлиги университети
“Иқтисодий фанлар ” кафедраси бошлиғи, профессор