Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссия томонидан “Жинсий эркинликка, ёшларга ҳамда ахлоққа қарши жиноятларни олдини олишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

— Мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, болалар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди қўмита раиси Жаҳонгир Ширинов. — Хусусан, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили институти ташкил этилди. Вояга етмаганлар ишлари бўйича Республика идоралараро комиссияси, Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) комиссиялари ташкил қилинди. Соҳага оид ҳуқуқий асослар кучайтирилди.

Масалан, Жиноят кодекси 1281-модда билан тўлдирилиб, унда ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда унга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш учун жавобгарлик белгиланди. Бироқ шунга қарамай, вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, шу жумладан болаларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар каби салбий ҳолатлар кузатилмоқда.

Ушбу қилмишлар учун белгиланган жазо бу турдаги жиноятларнинг камайишига олиб келмаяпти. Вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар учун белгиланган жазо чораларининг енгиллиги жамоатчиликнинг эътирозларини келтириб чиқармоқда.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Лойиҳа юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни бартараф этишга қаратилган. Йиғилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳуқуқшунослар, қўмита ҳузуридаги экспертлик гуруҳи аъзолари, ёшлар билан биргаликда ушбу масала муҳокама қилинди.

Тадбирда қайд этилганидек, амалдаги қонунчилигимизда вояга етмаган шахсга нисбатан қайси хатти-ҳаракатлар номақбул деб ҳисобланиши кўрсатилмаган. Жабрланувчининг ёшига қараб жазо даражалари мавжуд эмаслиги, икки ёки ундан ортиқ вояга етмаганларга нисбатан одобсиз ҳаракатлар содир этилган ёки улар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан келишилган ҳолда содир этилган бўлса, қўшимча жазо белгиланмаслиги эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Қонунчиликдаги бундай бўшлиқлар зўравонларга судланганидан кейин ҳам болалар билан такроран шундай қилмишларни содир этиш ва енгил жазо билан қутулиб кетиш имконини беради. Шу боис Жиноят кодексининг 128 ва 129-моддаларини қайта кўриб чиқиш болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилигимизни такомиллаштиришга хизмат қилади.

Давра суҳбатида фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилиб, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Муҳтарама Комилова, ЎзА