Пойтахтимизда Глобал яшил ўсиш институти (ГГГИ)нинг бош директори Франк Райсберман, Ўзбекистондаги хорижий дипломатик ваколатхоналар ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбар ва вакиллари иштирокида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда қайд этилишича, Оролбўйи минтақасининг яшил тикланишини молиялаштиришга йўналтирилган умумий қиймати 5,9 миллион АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳа Орол денгизи таназзули салбий оқибатларини бартараф этишга ва маҳаллий аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилашга, янги “яшил бизнес” тамойиллари билан таништиришга хизмат қилмоқда.
Табиат ресурслари вазири А.Абдуҳакимов институтнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Франция ривожланиш агентлиги ўртасида Стратегик экологик баҳолашни қўллаб-қувватлашга қаратилган 145 минг евро миқдоридаги грант шартномаси имзоланганини қайд этди. Ушбу грант институтнинг скрининг тадбирларини амалга ошириш, ҳукуматнинг атроф-муҳит бўйича олиб борилган кенг кўламли тадқиқотлар ва ўтказилган тажрибаларини атроф-муҳитни асраб-авайлаш бўйича режалаштириш жараёнида фойдаланишда ёрдам беришини таъкидлаб ўтди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Глобал яшил ўсиш институтининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолият бошлаганига бир йил бўлди. Глобал яшил ўсиш институтининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси МДҲ, шу жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи офис ҳисобланади. Ўтган бир йил давомида институт томонидан фаолият йўналишидан келиб чиқиб, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чўлланишнинг олдини олиш каби бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Глобал яшил ўсиш институти халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, бош офиси Сеул шаҳрида (Жанубий Корея) жойлашган. Мазкур ташкилот 2012 йил 20 июнь куни Рио-де-Жанейрода (Бразилия) БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича конференцияси доирасида таъсис этилган. Ташкилотга дунёнинг 45 давлати аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу нуфузли ташкилотга 2019 йил Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан аъзо бўлган.
Шунингдек, тадбирда Глобал яшил ўсиш институтининг Бош директори Франк Райсберман институт ваколатхонасининг бир йиллик фаолиятини юқори баҳолаган ҳолда Ўзбекистонда яшил ўсиш ва иқлим барқарорлиги бўйича келажакда ҳамкорликда амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар, режалар ҳақида маълумот берди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА