Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб турган мамлакатимиз ишчи гуруҳи иккинчи кун вазирлар ва бир неча етакчи компания раҳбарияти билан учрашди.

ЎзА мухбири аниқлашича, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва БАА саноат ва илғор технологиялар вазири – “Маsdаr” компанияси бошқаруви раиси Султон Аҳмад Ал-Жобир билан кечган мулоқотда инвестициявий ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида янги йирик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди. Шу билан бирга кимё саноати, металлургия, геология-қидирув соҳаларида жорий ва янги сармоявий ташаббусларни илгари суриш режаси муҳокама қилинди.

“Халифа бин Зоид Ол-Наҳаён жамғармаси” бош директори Муҳаммад Ҳожи Ал-Ҳурий билан учрашувда Нукус шаҳрида аёллар ва болалар клиникаси қуриш бўйича иш бошлангани таъкидланди. Қарши ва Тошкент шаҳарларида ҳам шундай шифохона барпо этиш истиқболи, шунингдек, мамлакатимизда янги туғилган чақалоқлар эшитиш қобилиятини текшириш бўйича универсал тизим жорий этиш масаласи кўриб чиқилди.

“International holding company” бош ижрочи директори Сайид Басар Шуиб билан соғлиқни сақлаш, энергетика ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳалар яратиш мавзуси кўтарилди. Томонлар мамлакатимиз инвестициявий салоҳияти билан яқиндан танишиш, қўшма ташаббуслар доирасида шартномалар тузиш мақсадида компания раҳбарияти ва экспертларининг юртимизга ташрифини ташкил этишга келишилди.

“ADSSC” бош директори А.Шамсий билан учрашувда асосий эътибор Тошкент шаҳридаги оқава сув тизимини ДХШ тамойили асосида такомиллаштиришга қаратилди. Лойиҳа доирасида замонавий муҳандислик иншоотлари қуриш назарда тутилган. Тегишли инвестиция таклифи лойиҳаси жорий йил баҳорда имзоланиши режалаштирилган.

“RAK Ceramics” компанияси ижрочи директори А.Массад билан учрашувда Ўзбекистоннинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш салоҳияти намойиш этилди.

Маълумот ўрнида айтиш керак, 1989 йил ташкил этилган“RAK Ceramics” дунёдаги энг йирик керамик маҳсулот (плита, санитар-техник восита, кран ва ошхона жиҳозлари, идиш-товоқ ва ҳоказо)лар ишлаб чиқаради. Компания БАА, Ҳиндистон, Бангладеш, Эрон, Австралия, Сингапур, шунингдек Европа Иттифоқи ва Шарқий Африка давлатларида ишлаб чиқариш қувватларига эга.

Мулоқот давомида мазкур компания билан экспортга мўлжалланган маҳсулотлар, хусусан, кафел ва кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш бошлаш бўйича келишувга эришилди.

ЎзА